«Уддабурон» талабалар кимни алдамоқчи?

Бир неча ой аввал бакалавр талабанинг илмий ишига тақризчи сифатида унинг ҳимоясида иштирок этдим. Ишни ўқиган кенгаш аъзоларидан бири «Буни талаба ўзи ёзмаган, эҳтимол сунъий интеллект ёзиб бергандир» деб қолди. Мен эса унга жавобан: «Йўқ, сунъий интеллект (СИ) бундан яхшироқ ёзган бўларди», дедим. Ва шу биргина воқеа бугунги олий таълим ва илмдаги муаммоларга кўзгу тутди дейиш мумкин. Зотан, бугун ҳар қандай ижодий изланишга шубҳа билан қаралаётган даврда яшаяпмиз.
2023 йилда ўтказилган халқаро сўровномалар ҳам бу ҳолатни тасдиқлайди. Масалан, АҚШдаги йирик университетларнинг 60 фоизидан ортиғи талабаларнинг ёзма ишларида сунъий интеллектдан фойдаланилганини қайд этган. Австралияда эса ўқитувчиларнинг 72 фоизи СИ академик ҳалолликни жиддий хавф остига қўяётганини таъкидлаган.
Бугун бутун дунё сунъий интеллектни жадал жорий этмоқда. Ҳукуматлар уни рақамли тараққиётнинг асосий омили сифатида кўриб, таълим, тиббиёт, транспорт, ҳатто санъатда ҳам қўллашни тавсия этмоқда. Аммо умумий ютуқлар соясида таълим тизимига хос, жуда нозик ва хавфли жиҳатлар яшириниб ётибди.
Аввалига сунъий интеллект оддий ёрдамчи сифатида кўринган: талаба учун матн ёзишда, ўқитувчи учун дарс режасини тузишда, изланувчи учун маълумотни тартибга солишда ёрдам берарди. Аммо жараён тобора бошқа томонга оғмоқда. Энди у талабанинг мустақил фикрлаши, изланиши ва меҳнат қилиш эҳтиёжини сусайтирмоқда. «Уддабурон»лик ниқобини кийган айрим талабалар эса сунъий интеллект «ижоди» билан атрофдагиларни алдаётгани ҳам сир эмас.
Бугунги талабалар учун тезкорлик асосий қуролга айланди: «биргина буюртма — тайёр натижа». Рефератми, курс ишими, ҳатто битирув малакавий иши — барчаси бир хил механика бўйича ёзилмоқда: калит сўз, топшириқ, нусха. Энг хавфли томони шундаки, бунда натижа бор, аммо фикр йўқ. Китоб жавонидан керакли китобни излаш, соатлаб манбаларни ўқиш «кераксиз меҳнат»дек кўринмоқда. PISA натижаларига кўра, 18 — 25 ёшдаги ёшларнинг қарийб 40 фоизи курс ишлари ва рефератларни тайёрлашда «ЧатГПТ» ёки шунга ўхшаш воситалардан мунтазам фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич «тезкорлик асосий қуролга айланди» деган фикрни тасдиқлаб, ёзма ишлар аста-секин меҳнат маҳсули эмас, технология маҳсулига айланиб бораётганидан далолат беради.
— Мен сунъий интеллектга тўлиқ ишонч билдирмайман, — дейди педагог ва журналист, филология фанлари доктори Перхан Алламбергенова. — Ҳа, у маълумотларни тартибга солиб бериши мумкин, аммо уни ҳаддан ташқари қўллаш инсон тафаккурига хавф туғдиради. Мия машқ қилган сари ривожланади, тайёр билимни қабул қилиш эса уни сустлаштиради. Шу боис мен доимо илмий адабиётлар ва расмий манбалардан фойдаланишни афзал биламан. Бу кўпроқ вақт олади, аммо билим мустаҳкамланади, тафаккур уйғоқ бўлади.
Кембриж университети психологлари олиб борган тадқиқот ҳам бу фикрни илмий жиҳатдан тасдиқлайди. Тадқиқотда мунтазам равишда СИдан фойдаланадиган талабаларда мустақил ёзма фикр билдириш қобилияти 20 — 25 фоизга пасайгани аниқланган.
Британиялик журналист ва жамиятшунос Жон Нотон ҳам бу жараёнга жиддий эътибор қаратади. У ўз мақолаларида таъкидлаганидек, сунъий интеллектнинг таълимга кириб келиши билан ёзма топшириқлар моҳиятан ўз қадрини йўқотмоқда. Чунки талаба энди ёзиш жараёнидан воз кечиб, СИ ёрдамида тайёр натижани олишга одатланмоқда. Ж. Нотон бу вазиятни «таълим тизимини босиб келаётган яширин хавф» сифатида таърифлаб, савол қўяди: энди ўқитувчилар кимни баҳолашмоқда — ҳақиқий талабанинг билиминими ёки машина алгоритмини?
Топшириқларда сунъий интеллектдан фойдаланишни «фақат ёрдамчи восита» деб оқлашади, аммо ёрдамчи сифатида фойдаланиш билан бутун ишни унинг зиммасига топшириб қўйиш ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Айнан шу ерда «академик ҳалоллик» деб номланувчи энг асосий қадриятимиз зарар кўради. Чунки кўчирмачи энди фақат матнни кўчириб олиш эмас, балки мустақил фикрлашдан воз кечиш шаклида ҳам намоён бўлмоқда. Оддий плагиатни махсус дастурлар аниқларди, лекин СИ яратган матн кўпинча бундай базаларда топилмайди. Яна бир муаммо: талаба ишни ўзиники қилмайди — у на матнни ўқиган, на муҳокамадан ўтказган ва на таҳлил этган. Масалан, «Turnitin» компанияси томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 2023 йилда текширилган ёзма ишларнинг 10 — 15 фоизида СИ иштироки аниқланган.
Америкалик ҳуқуқшунос-педагог Памела Самуэлсон генератив сунъий интеллект ва муаллифлик ҳуқуқи ўртасидаги мураккаб чегараларни таҳлил қилади. Унинг таъкидлашича, СИ орқали яратилган матннинг мақомини фақат «плагиатми ёки оригинал асарми?» деган оддий савол билан аниқлаб бўлмайди. Унинг фикрича, СИ ёрдамида юзага келган матнларнинг бир қисми автоматик қайта ишлаш натижаси, бошқаси эса ижодий ўзгаришдир. Шу боис ҳар бир чиқиш мазмуни, оригиналлик даражаси ва фойдаланилган манбалари асосида алоҳида баҳоланиши лозим.
— Сунъий интеллект турли соҳаларда қулайлик яратмоқда. Лекин таълим ва илмий ижод ҳақида гапирганда, муаллифлик ҳуқуқи масаласи долзарб бўлиб қолади. Инсоннинг ижодий маҳсули — муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган. Аммо сунъий интеллект яратаётган матнларнинг мақоми ҳали аниқ эмас. Шу сабабли, плагиат, ҳалолликнинг сусайиши, асарлардан рухсатсиз фойдаланиш каби муаммолар кучаймоқда. Биз ҳам қонунчиликни тезроқ янгилашимиз керак, акс ҳолда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш қийинлашади, — дейди юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, ҳуқуқшунос-педагог Абдумўмин Йўлдошев.
Ўзбекистонда ҳам академик ҳалоллик қоидалари мавжуд. Аммо муаммо уларнинг амалда тўлиқ ишламаслигида. Талабаларнинг ёзма ишлари кўпайган, ўқитувчиларнинг юкламаси оғир, назорат механизмлари эса деярли ўзгармаган. Бундай шароит «тезроқ топшириш»ни рағбатлантиради. Бошқача айтганда, бугунги таълим муҳитида тезкорликка қарамлик рўй бермоқда. Муддат қисқа, рақобат кучли. Натижани тез кўрсатиш истаги талабаларни сунъий интеллектдан кенгроқ фойдаланишга ундайди. Аслида муаммо технологиянинг ўзида эмас, балки ундан қандай фойдаланишда. СИ ёрдамчи восита бўлиши мумкин, лекин у ҳеч қачон талабанинг ўрнига ишни бажариб қўймаслиги керак. Бу фарқни аниқ белгилаш эса таълим тизимидаги масъуллар зиммасида. Бунинг учун топшириқ мазмунини қайта кўриб чиқиш, баҳолаш меъёрларини такомиллаштириш, жараённи ҳужжатлаштириш ва ҳалолликни кафолатлайдиган қоидаларни жорий этиш зарур. Энг муҳими, аудиторияда талабага мустақил фикрлаш, далил келтириш ва билимни амалда қўллаш имконини яратишдир.
«Авлод Медиа» томонидан Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, олий таълим муассасалари талабаларининг қарийб 80 — 90 фоизи «ChatGPT»дан камида бир марта фойдаланганини билдирган.
Қизиқ томони шундаки, сунъий интеллектдан фаол фойдаланаётган талабалар кўпинча билим даражаси ўртача ёшлар бўлиб чиқади. Чунки паст кўрсаткичга эга бўлганлар СИдан тўлиқ фойдалана олмайди — буйруқ бериш, матнни қайта ишлаш ёки натижани мослаштириш уларнинг кўникмасидан ташқарида. Юқори даражадаги талабалар эса СИдан бутунлай воз кечмаган бўлсада, ҳеч қачон уни ўз иши сифатида тақдим этмайди.
Ривожланган мамлакатлар бу жараённи тартибга солишга уринмоқда: махсус қоидалар ишлаб чиқилмоқда, назорат механизмлари жорий қилинмоқда. Аммо ривожланаётган давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда, бу борадаги назорат суст. Академик ҳалоллик маданияти ҳали тўлиқ шаклланмаган, текширув воситалари эса, айниқса, ўзбек тилида, чекланган. Бу эса узоқ муддатда таълим сифатидан ташқари иқтисодиёт ва илм-фанга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Сунъий интеллект таълим тизимига нафақат хавф, балки катта имкониятларни ҳам тақдим этди. Энг аввало, бу — манбалар билан ишлашда вақтдан унумли фойдаланишда қўл келяпти. Илгари талаба биргина илмий мақола учун зарур маълумотларни топиш учун кўп вақтини кутубхонада ўтказишга тўғри келган бўлса, эндиликда биргина сўров орқали юзлаб манбалар топиб, кераклисини саралаб олиши мумкин. Бу вақтни тежайди, изланиш имкониятини кенгайтиради ва талабанинг дунёқарашини бойитади.
Сунъий интеллектнинг яна бир фойдали томони — тил ўрганишдаги ёрдами. Чет тилида мақола ўқиш ёки матнни таржима қилиш илгари қийин вазифа бўлса, СИ бу жараённи анча енгиллаштирди. Талаба қисқа фурсатда нотаниш тилни тушуниб, илмий ёки бадиий асар мазмунидан хабардор бўлиши мумкин. Аммо сунъий интеллектни асосий билим манбаи сифатида кўриш хато. У фақат ёрдамчи бўлиши мумкин.
Шундай экан, аслида «уддабурон» талабалар кимни алдашмоқда? Фақат ўзларини! Бир тугма босиб ёзилган реферат ёки курс иши талабанинг билимини бойитиб қолмайди. Шу боис асосий масала технологияни тақиқлашда эмас, уни қандай чегарада ишлатишда. Сунъий интеллект ёрдамчи бўлиб қолса, билим олишга хизмат қилади, талабанинг ўрнига ишласа — тафаккурни емиради. Ҳақиқий таълим эса китоб ўқиш, устознинг сўзи ва мустақил изланиш орқали шаклланади.
Бугунги кун вазифаси — сунъий интеллектдан фойдаланишда аниқ чегараларни белгилаш ва энг муҳим қадриятларни — ҳалоллик, мустақил фикрлаш ва чуқур билимни сақлаб қолишдир. Акс ҳолда, келажакда билимли мутахассис эмас, балки тайёр матнга қарам авлод етишиб чиқиши мумкин.
Санжар ШОМУРОДОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг