Учкўприк мевалари экспорт қилинмоқда

12:30 20 Ноябрь 2024 Жамият
145 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қўқон шаҳридаги “Europrint” МЧЖ корхонасида 400 та иш ўрни яратилган. Унинг тасарруфида фаолият кўрсатувчи Учкўприк туманидаги мевани табиий усулда қуритиш ва қадоқлаш корхонаси Хитой технологияси асосида жиҳозланган.

Айни пайтда 100 та иш ўрнига эга корхонада 10 турдан ортиқ сархил меваларимиз табиий усулда қуритилиб, экспорт қилинмоқда. Шу мақсадда корхона томонидан туман ҳудудида олма, гилос, узум каби интенсив боғлар барпо этилган. Ҳозирда табиий дармондориларга бой ушбу маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Тожикистонда, умуман олганда, МДҲ давлатларида харидоргир бўлиб улгурган. Бугунги кунда 30 тонна олма, хурмо, лимон меваси замонавий мезонлар асосида қадоқланиб, корхона ёрлиғи остида экспортга чиқаришга тайёрлаб қўйилди.

Экспорт кўламини кенгайтириш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида шу кунларда корхона бренди остида қадоқланган илк маҳсулотлар Хитой, Япониядаги савдо ҳамкорларига жўнатилди. Таклиф асосида Европадаги йирик савдо тармоқларига ҳам етказиб берилди.

Бу ерда ички бозор эҳтиёжи учун шифобахш чойлар ҳам қадоқланиб, буюртма асосида мамлакатимиз бўйлаб етказиб берилмоқда. Жаҳон бозори талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, яқин истиқболда шифобахш чойлар ҳамда доривор гиёҳлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш режалаштирилган.

— Бу ерда замонавий лаборатория ҳам ташкил этилган бўлиб, мунтазам равишда янги таъмлар яратамиз, — дейди корхона технологи Садоқат Иргашева. — Ўтган давр мобайнида корхона бренди остида ишлаб чиқарилувчи кўплаб маҳсулотларимизга халқаро сифат сертификатлари тақдим этилди.

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Учкўприк тумани бўлими инспекторлари экспорт соҳасида жорий этилаётган халқаро талаб ва андозалар, қонунчиликдаги янгиликлар бўйича бизга амалий кўмак бериб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?