Уч ҳудудда ижарага олинган ерларни сотишга уринган шахслар ушланди

18:13 22 Май 2025 Жамият
252 0

Фото: Прокуратура департаменти

Хоразм, Андижон ва Навоий вилоятларида нур майдонларини сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Қ.Х. электрон аукцион савдолари натижаси бўйича ўзининг номига деҳқон хўжалиги юритиш учун ижара шартномаси асосида ажратилган Урганч тумани, «Қўнғирот» маҳалласи ҳудудидаги 10 сотих ер майдонини фуқаро Ҳ.С.нинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 30 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Хонобод шаҳар бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса фуқаро Ф.Х. фуқаро М.Т.нинг ишончига кириб, фуқаро С.Т.га деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ажратилган 20 сотих ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, ушбу ер майдонида бино-иншоотлар қуришга рухсат берувчи ҳужжатларини тайёрлаб, унинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Ғозғон шаҳар бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Д.К. «Оқ олтин» МФЙ ҳудудидаги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 13 сотих бўш ер майдонини фуқаро М.Ж.га сотишга келишиб, 6 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?