U-20 Осиё чемпионати саралаши: Ўзбекистон «G» гуруҳига мезбонлик қилади

15:17 05 Август 2025 Спорт
136 0

2026 йилнинг 1–18 апрель кунлари 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида футбол бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Мазкур мусобақага Таиланд мезбонлик қилади.

Турнир алоҳида аҳамиятга эга, чунки у 2026 йил сентябрь ойида Польшада ўтадиган U-20 аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати учун саралаш вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон «G» гуруҳига мезбонлик қилади

6–10 август кунлари Осиёнинг турли ҳудудларида саралаш баҳслари ўтказилади. Ўзбекистон «G» гуруҳига мезбонлик қилади. Гуруҳда қуйидаги жамоалар иштирок этади:

Ўзбекистон (бош мураббий: Владимир Панов)

 Баҳрайн

— Иордания

—  Шимолий Мариана ороллари

Мусобақа олдидан матбуот анжумани ўтказилди

Бугун Тошкентда мусобақа олдидан расмий матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда қуйидаги бош мураббийлар иштирок этди:

Владимир Панов — Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош мураббийи

Холид Муҳаммад Харбан — Баҳрайн U-20 терма жамоаси бош мураббийи

Ҳусайн Муҳаммад Абу Раййаш — Иордания U-20 терма жамоаси бош мураббийи

Танг Чи Минг — Шимолий Марианна ороллари U-20 терма жамоаси бош мураббийи

Владимир Панов, Ўзбекистон терма жамоаси устози:

«Авваламбор барчага хайрли кун. Бу ерда туриш биз учун шараф. Ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз. Гуруҳда ўтадиган барча ўйин аҳамиятли. Рамила Юсуповани жароҳати борлигини ҳисобга олмасак, жамоамиз мусобақага тайёр»

Баҳрайн мураббийи Халид Муҳаммад Харбан эса мамлакатдаги футбол инфратузилмаси бўйича қуйидагича фикр билдирди:

«Тўғри айтасиз. Бизда бу борада муаммо бор. Муаммо бўлганда ҳам ечими кўринмаётган муаммо. Гап шундаки, бизда танлов имконияти кенг эмас. Рақобат муҳити шаклланмаган. Рақобат йўқ жойда ўсиш ҳам бўлмайди. Бу нарса шу билан боғлиқ. Мусобақага етарлича тайёргарлик кўрдик. Эртанги ўйинга тайёрмиз»

Иордания мураббийи Ҳусайн Муҳаммад эса “Иордания терма жамоаси хорижда ўйнаётган футболчиларини мусобақага олиб келганми?” деган саволга шундай жавоб берди:

«Йўқ, сиз айтаётган футболчилар турнирга келишмади. Сабаби — Яқин Шарқдаги вазият туфайли уларни машғулотларга жалб эта олмадим. Лекин ҳозирги жамоа ҳам ёмон ҳолатда эмас»

Мусобақа тақвими

6 август

Иордания – Шимолий Мариана ороллари

Ўзбекистон – Баҳрайн

8 август

Баҳрайн – Иордания

Ўзбекистон – Шимолий Мариана ороллари

10 август

Шимолий Мариана ороллари – Баҳрайн

Ўзбекистон – Иордания

Турнир регламенти

Саралаш босқичи жами 8 та гуруҳда ўтказилади. Ҳар бир гуруҳда 1-ўринни эгаллаган жамоалар (8 та) Осиё чемпионатининг финал босқичига йўл олади.

Шунингдек, энг яхши кўрсаткичга эга 3 та иккинчи ўрин эгасига ҳам қўшимча йўлланма берилади. Бу 11 та жамоага мезбон Таиланд терма жамоаси қўшилиб, жами 12 та жамоа финал босқичида иштирок этади.

Қизларимизга омад тилаймиз! Улар нафақат Осиё чемпионати, балки Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун ҳам майдонга тушади. Устоз Владимир Панов бошчилигидаги терма жамоамиздан юксак натижалар кутиб қоламиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?