Туркиянинг тиббиёт соҳасидаги илғор тажрибаси Самарқандда синовдан ўтказилади

20:01 26 Февраль 2025 Жамият
255 0

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилишда илғор халқаро тажрибадан кенг фойдаланилмоқда.

Хусусан, бу соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида Туркиядан бир гуруҳ мутахассислар жалб этилиб, улар томонидан жойлардаги тиббиёт муассасаларида чуқур ўрганишлар олиб борилди.

Шу асосда тайёрланган таҳлил, таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, тизимни босқичма-босқич такомиллаштиришга оид қисқа, ўрта ва узоқ муддатли “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши режалаштирилган.

Табиийки, илғор тажрибани ҳаётга татбиқ этишда тақдимоту “йўл хариталари”нинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун намуна қилиб олинаётган моделларни қўллаш механизмлари жойига бориб ўрганилиши зарур.

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Сухроб Зайниев бошчилигидаги делегация шу мақсадда Туркия Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Хусусан, вакилларимизнинг Сакаря вилояти етакчи тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан учрашувида ушбу вилоят ҳокими Раҳми Доған, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Кайҳон Ўздемир ҳам иштирок этди.

Мулоқотда қайд этилганидек, мамлакатларимиз ўртасида тиббиётнинг кўплаб йўналишлари бўйича ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда.

Учрашувда тиббий бошқарув, бирламчи тиббий хизмат, соҳа учун кадрлар тайёрлаш, илм-фан, шошилинч тиббий ёрдам, трансплантология, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш каби қатор йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Жумладан, жорий йил Туркия тажрибаси асосида Самарқандда синов лойиҳасини амалга ошириш, кўп тармоқли марказий поликлиникалар негизида маслаҳат-диагностика поликлиникаларини ташкил этиш ҳамда вилоят даражасидаги шифохоналарни ташкилий, бошқарув ва молиявий жиҳатдан бирлаштириб, кўп тармоқли шифохоналарга айлантириш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

Музокаралар якунида томонлар Самарқанд шаҳри ва Иштихон туманида янги соғлиқни сақлаш тизими лойиҳасини синов тариқасида рўёбга чиқаришга келишиб олинди.

Шунингдек, делегация аъзолари туркиялик ҳамкорлар иштирокида Самарқанд вилоятида барпо этилиши режалаштирилган 800 ўринли шифохона бош режаси, муассаса фаолиятини ташкил этиш ва жиҳозлаш бўйича тажриба алмашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?