Туркияда 5,8 магнитудали зилзила юз берди. Жабрланганлар бор

11:50 03 Июнь 2025 Дунё
224 0

Иллюстратив фото

Туркиянинг жанубий вилоятларида 5,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Али Ерликая маълум қилди.

Муғла вилоятида ва яна бир нечта ҳудудларда сезилган ер силкинишлари 3 июнга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан 02:17 да юз берган. Унинг эпицентри Мармарис курорти яқинидаги денгизда, 67 километр чуқурликда юзага келган.

Табиий офат оқибатида 69 киши жабрланган. Уларнинг кўпчилиги уйларининг деразаларидан сакраш чоғида жароҳатланган. Ҳозирда 46 жабрланувчи тиббиёт муассасаларида даволанмоқда.

Бундан ташқари, ер ости силкинишлари вақтида ваҳима хуружига учраган 14 ёшли ўсмир қиз ҳалок бўлгани айтилди.

Расмийларга кўра, зилзила ҳеч қандай бинонинг қулашига олиб келмаган ва шаҳарда энергия таъминоти, табиий газ таъминоти, ичимлик суви ҳамда канализация инфратузилмаси фаолиятида салбий ҳолатлар кузатилмаган. Мутахассислар уйлар ва биноларни текширишда давом этмоқда.

Аввалроқ, апрель ойида Истанбул шаҳрида ҳам кучли зилзила содир бўлган эди. Унда 151 киши қўрқув сабаб баландликдан сакраш оқибатида тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. 1 нафар ўзбекистонлик эса кучли қўрқув оқибатида вафот этганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?