Туркия ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

15:59 28 Февраль 2025 Жамият
85 0

Туркия Маданият ва туризм вазир Меҳмет Нури Эрсой ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқотда якунида Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўртасида туризм соҳасидаги Келишув баённомаси ва Ҳаракатлар режасини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

— Ўзбекистон тарихий ва маданий бойликлари билан дунёнинг энг муҳим туризм йўналишларидан биридир, — дейди Меҳмет Нури Эрсой. — Самарқанд, Бухоро ва Хива каби бетакрор шаҳарлар нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё маданий меросида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, ўзбек таомлари, анъанавий ҳунармандчилик ва сайёҳлик соҳасидаги ноёб тажрибалари Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.

Қайд этилишича, икки давлатда ҳам туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Ҳозирда туризм ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик энг юқори даражада давом этмоқда.

— Ҳамкорлигимизни давом эттириш ва янада ривожлантириш мамлакатларимизнинг мақсадлари қаторига киради, — дейди Меҳмет Нури Эрсой. — Ана шу мақсадга хизмат қиладиган ҳар қандай лойиҳага ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида ҳаво қатновида жиддий ўсиш кузатдик. Келажакда иккала давлат ҳиссаси билан бу ўсишнинг давом этишини таъминлаймиз. Турли шаҳарлардан мақсадли йўналишларга парвозлар сонини оширамиз ва парвоз режаларига янги йўналишларни киритамиз. Умид қиламанки, ушбу чора-тадбирлар туризм соҳасидаги ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга туртки бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик алоқалари азалдан бўлганини, туризм икки давлатнинг муштарак жиҳатларидан бири эканини таъкидлади.

— Ушбу Келишув баённомаси ва Ҳаракатлар режаси биз қўядиган қадамлар нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим, — дейди Азиз Абдуҳакимов. — Ушбу ҳужжатларда туризм масканларини боғлайдиган авиақатновларни кўпайтириш, Ўзбекистонда Туркиянинг ва Туркияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш, Мотуридий, Нақшбандий ва Бухорий тариқатлари издошларининг Туркия марказий ва шарқий музофотларида истиқомат қиладиган йирик жамоаларини Ўзбекистонга кенгроқ жалб этиш, музейлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, маданий тадбирларни кўпайтириш, “Турк қардошлар” дастурини амалга ошириш, давлатларимиз тарихини ўзаро чуқурроқ ўрганиш, ҳамкорликда кино асарлари яратиш, Ўзбекистонда жадал ривожланиб бораётган туризм йўналишлари – экотуризм, экстремал туризм, зиёрат туризмига бағишланган тематик, фото кўргазмалар ташкил қилиш, туркиялик сайёҳларнинг Бухородаги 7 та Пир зиёратгоҳларига саёҳатларини йўлга қўйиш, Туркия музейларида Ўзбекистон музей экспонатлари бурчакларини яратиш, Туркиянинг йирик санъат даргоҳлари, парк ва боғларида Ўзбекистон томонидан ЮНEСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган бахшичилик, мақом санъати ва лазги рақси намойишлари, маданий фестиваллар ва “опен-аир” тадбирларини ўтказиш, туркияликлар учун, уларнинг талаб ва истакларига мос туристик маҳсулотлар яратиш мақсадида туроператорлар, рестораторлар, туризм инфраструктурасига сармоя киритадиган компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш, аэропортларда, меҳмонхона, кафе ва ресторанларда турк тилида кўрсаткич белгиларини ўрнатиш, меньюлар яратиш, турк туристларига мослаштирилган маршрут, экскурсия ва турлар ҳамда давлатлар кулинариясини бирлаштирган ресторанлар ташкил қилиш каби устувор вазифалар ўз ифодасини топган.

Айни пайтда Ўзбекистондан Туркияга 250 минг, Туркиядан Ўзбекистонга 150 минг нафардан ортиқ сайёҳ келмоқда. Томонлар ушбу рақамларни бир миллион кишига етказишни мақсад қилган ҳолда иш олиб боришга келишиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?