Тунги Наманган манзаралари

Фото: Халқ сўзи
Наманган шаҳрида жорий йилнинг 22 май куни тантанали равишда очиладиган 61-Халқаро гуллар фестивалига тайёргарлик якунловчи босқичга кирди. Анъанавий байрамнинг асосий тадбирлари ўтадиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳозирданоқ жозибадор кўриниш олган. Бу ерда корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан 200 дан зиёд кўргазмалар ташкил этилмоқда. Уларнинг ҳар бири Наманган аҳлининг яратувчилик иштиёқи, ҳудудлар ободлиги, ишлаб чиқариш, таълим ва бошқа соҳаларда эришилаётган муваффақиятларини намойиш этувчи манзараларни акслантирган.
Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси жамоасига ажратилган майдондаги кўргазма эътиборни тортади. Электр энергияси таъминоти соҳасининг рамзи шакллантирилган ҳудудга 20 минг туп гул ўтқазилди. Умуман олганда, боғга ўтқазилаётган ўн миллион тупга яқин турфа гулу чечаклар икки ҳафталик анжуманга ташриф буюриши кутилаётган 1,5 миллионга яқин нафосат ошуфталарига олам-олам завқ туҳфа этиши табиий.
— Фестиваль миллий санъатимиз ва маданиятимиз тарғиботига йўналтирилган концерт ва томошалар билан янада мазмунли кечади, — дейди Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Мамадалиев. — Масалан, боғдаги «Наво» ёзги концерт залида Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов хотирасига бағишлаб ўтказиладиган «Камолиддин издошлари» республика кўрик-танлови кўпчиликни бефарқ қолдирмайдиган тадбирлардан бири бўлади. Кўплаб ёш истеъдодлар ҳозирданоқ ушбу танловда қатнашиш истагини билдиришмоқда.
Анжуманнинг маданий-маърифий тадбирлари ташкил этиладиган иншоот ва майдонлар ҳам томошабинлар хизматига тўла-тўкис шай қилиб қўйилмоқда. Бир сўз билан айтганда, истироҳат боғи байрам иштирокчилари истироҳати учун яратилган имконият ва манзаралари билан кишини ҳайратга солади.
Боғнинг нафақат кундузги қиёфаси, балки тунда ҳам атрофни чароғонлаштириб, турфа гўзаллик таратаётган мафтункор ёғдулари кўзларни қувонтиради.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг