Туғилиш кўрсаткичининг паст даражасига қарши кураш учун Москва муфтийси кўпхотинликка фатво берди

11:03 20 Декабрь 2024 Дунё
144 0

Россия мусулмонлари диний бошқармаси уламолар кенгаши мусулмонларга 4 тагача шаръий никоҳдан ўтишга рухсат берди. Бу ҳақда «РБК» нашри хабар бермоқда.

Россияда туғилиш кўрсаткичи пасайиб кетган. «Росстат» маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки олти ойида Россияда 599,6 минг чақалоқ туғилган. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 16,6 мингга кам. Қайд этиш керакки, 2023 йилда Россия президенти Владимир Путин мамлакатда кечаётган қийин демографик муаммолар ҳақида тўхталиб ўтганди.

«Кўп болали оилалар анъанасини қайта тиклашимиз зарур. Бир неча авлод олдин рус оилаларида етти-саккиз, ҳатто ундан ҳам кўпроқ фарзанд бўлган. Кўп болали ва катта оилалар Россиянинг барча халқлари учун одатий ҳолга, турмуш тарзига айланиши керак», — деганди Россия раҳбари нутқида.

Москва муфтийси Илдар Аляутдиновнинг хабар беришича, уламолар кенгаши эрнинг барча хотинларига адолатли ва тенг муносабатда бўлиши шарти билан тўрттагача шаръий никоҳ тузишга рухсат берган.

«Агар турмуш ўртоғи соғлиғи, репродуктив ёшнинг тугаши ёки бошқа объектив сабабларга кўра, масалан, турмуш ўртоғининг жинсий номувофиқлиги туфайли фарзанд кўришга қодир бўлмаса, кўпхотинликка рухсат берилади. Турмуш ўртоғининг фарзанд кўришни истамаслиги ҳам ҳисобга олинади», — деди муфтий.

Бунда эр барча хотинларга тенг моддий ёрдам кўрсатиши, белгиланган тартибда улар билан тенг вақт ўтказиши ва ҳар бирини алоҳида турар жой билан таъминлаши шарт. Агар бу шартлар бажарилмаса иккинчи никоҳга рухсат берилмайди.

Хотинлар бошқа турмуш ўртоқларнинг мавжудлигидан хабардор бўлишлари керак, акс ҳолда аёл ажралишни талаб қилиши ҳуқуқига эга бўлади. Муфтийнинг қайд этишича, бундай тушунтириш кўпхотинли эркаклар билан диний никоҳда бўлган аёлларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 478-моддасига кўра, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш ҳам ман этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?