Трампнинг сайлов пойгаси ва Европанинг «Толибон» томон қадами (+видео)

19:39 16 Июль 2024 Дунё
422 0

Журналист Ғарб етакчилари учун даҳшатли хабар ҳақида маълум қилди

Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг агар Дональд Трамп АҚШ президентлиги сайловида ғалаба қозонса, дарҳол Украина можаросини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти Ғарб етакчилари учун ёмон янгилик ҳисобланади. Бу фикрларни ирландиялик журналист Чей Боуз айтиб ўтди.

«Украинадаги фалокатдан ички муваффақиятсизликларини чалғитиш учун фойдаланаётган Европа Иттифоқи ва АҚШ учун бу янада даҳшатли янгилик», дейди журналист.

Орбан Трамп билан музокаралардан сўнг Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишелга йўллаган мактубида, агар Трамп президентликка сайланса, дарҳол Украинадаги инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш учун воситачи бўлишини тан олганини қайд этган.

Республикачилар партиясидан вице-президентликка номзод Жеймс Девид Венс ҳам «Fox News» телеканалига берган интервьюсида Трамп сайловда ғалаба қозонса, можарога барҳам бериш учун Россия ва Украина билан музокаралар олиб боришини айтиб ўтди.

Россия президенти Владимир Путин кўп бора Москва воситачиларнинг саъй-ҳаракатларини умуман олқишлашини, бироқ Украинадаги можарони фақат икки томон орқали тугатиш мумкинлиги таъкидлаб келади. Унга кўра, ҳеч бир воситачига Москва ва Киев ўртасидаги якуний ҳужжатларни имзолаш ваколати берилмайди.

Европа давлатлари Афғонистонда ўз элчихоналарини очиш масаласини кўриб чиқмоқда

Бир қатор Европа давлатлари, жумладан, Италия Афғонистонда ўз элчихоналарини очиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

«Бир қатор Европа давлатлари Афғонистонда ўз элчихоналарини очиш имкониятини кўриб чиқмоқда, бу эса Кобул қулаганидан деярли уч йил ўтиб «Толибон»нинг дипломатик тан олинишини англатади», дейилади агентлик баёнотида.

Айни пайтда «Толибон» ҳаракати террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остидаги ташкилот ҳисобланади.

Италия сўнгги ҳафталарда потенциал қизиқиш белгиси сифатида Кобулга разведка миссиясини ўтказган. Италия ташқи ишлар вазири Антонио Тажани Вашингтондаги НАТО саммити арафасида берган интервьюсида мамлакатнинг ҳозирда Қатарда ишлаётган элчиси Кобулга ташриф буюрганини тасдиқлади.

Аноним француз расмийси нашрга хабар беришича, Париж ҳозирда элчихона очишни режалаштирмаяпти, аммо бу масала охир-оқибат ҳал қилиниши кераклигини айтди.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги хавфсизлик ва сиёсий вазият рухсат берган заҳоти Афғонистонда дипломатик мавжудлик ўрнатиш масаласини кўриб чиқишни тасдиқлади.

Европалик юқори мартабали дипломатнинг таъкидлашича, Брюсселдаги расмийлар ҳозир Афғонистонда ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва стратегик мавжудликни ўрнатиш учун жисмоний бўлиш зарурлигини тан олишга интилмоқда.

АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали мулозимларидан бири эса Қўшма Штатлар «Толибон»ни сиёсий тан олиш ёки Кобулда элчихонани қайта очиш ниятида эмаслигини айтди.

2021 йил август ойи бошида «Толибон» афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумларини кучайтирди ва 15 август куни Кобулга кириб келди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида Америка ҳарбийлари ҳимояси остида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилаётган афғонлар оммавий эвакуация қилинди. 31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Кобул аэропортини тарк этиб, Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг қарийб 20 йиллик фаолиятига якун ясади.

«Филлар» Дональд Трампни расман президентликка номзод сифатида кўрсатди

Республикачилар партияси расман Дональд Трампни учинчи марта президентликка номзод сифатида кўрсатди. Бу ҳақда «Politico» нашри хабар берди.

Дональд Трампнинг 2024 йилги президентлик сайловларида Республикачилар партиясининг номзоди сифатида кўрсатилиши кўпчилик томонидан кутилган воқеа ҳисобланади. Ҳаттоки, собиқ рақиб Никки Хейли Трампни қўллаб, ўз делегатларини ҳам уни қувватлашга чақирди.

Республикачилар кўрсатаётган номзод 6 январдаги Капитолийдаги қўзғолонни ташкил этиш ва 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилишга ҳаракат каби айбловлар билан айбланаётган пайтида ҳам «филлар» ўз номзодларидан воз кечмади.

Трамп ўз номзодини тасдиқлатгунга қадар бир қатор қийинчиликларни бошидан ўтказди. Шунга қарамасдан, унинг адвокатлар жамоаси Олий суднинг президент сифатида жиноий таъқиб қилиш ҳаракатларидан дахлсизлиги ҳақидаги қарорини чиқартиришга эриша олди.

Пенсилвания штатининг Батлер шаҳридаги митингда содир этилган суиқасд эса Трампнинг имкониятларини янада ошириб юборди.

Маълумот учун айтиш керакки, Республикачилар партияси кўпинча «фил» билан, Демократик партия эса «эшак» билан ифодаланади. Ушбу ҳайвонлар рамзлари XIX асрдаги сиёсий комикслардан келиб чиққан бўлиб, «фил» биринчи марта 1874 йилда Томас Наст томонидан «Harperʼs Weekly» комиксида пайдо бўлган.

Демократлар учун «эшак» тимсоли бундан ҳам аввалроқ, Эндрю Жексоннинг 1828 йилги президентлик кампаниясига бориб тақалади. Эндрюнинг рақиблари уни популистик қарашлари учун «Jackass» деб аташган. Кейинчалик эса бу рамзга айланиб кетди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?