Трамп маъмурияти Исроилнинг Ғарбий соҳилда назоратни кучайтириш режасига қарши позиция билдирди

15:01 10 Февраль 2026 Дунё
273 0

Фото: AP

Исроилнинг Ғарбий соҳилда назоратни кучайтиришга қаратилган янги режалари эълон қилинганидан сўнг Оқ уй вакили АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу ҳудуд аннексия қилинишга қарши эканини яна бир бор таъкидлади. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.

8 февраль, якшанба куни эълон қилинган чора-тадбирлар исроилликларга Ғарбий соҳилда ерни тўғридан-тўғри сотиб олишга рухсат бериш, шунингдек, Фаластин маъмурияти назоратидаги айрим ҳудудларда Исроил таъсирини кенгайтиришни назарда тутади. Қоидалар Исроил хавфсизлик кабинети томонидан маъқулланган бўлиб, қўшимча тасдиқни талаб этмайди.

Кеча, 9 февраль куни Оқ уй вакили “барқарор Ғарбий соҳил Исроил хавфсизлигига хизмат қилади ва минтақада тинчликка эришиш мақсадига мос келади”, дея таъкидлади. Ҳозирда Ғарбий соҳилда халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний ҳисобланадиган аҳоли пунктларида 500 мингдан ортиқ исроиллик, шу билан бирга тахминан 3 миллион фаластинлик яшайди. Буюк Британия Исроилни қарорни бекор қилишга чақириб, бир томонлама географик ёки демографик ўзгаришлар халқаро ҳуқуққа зид эканини билдирди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўзгаришлардан “жиддий ташвиш” билдириб, улар икки давлатли ечим истиқболини сусайтираётганини айтди. Саудия Арабистони, БАА, Иордания, Қатар, Индонезия, Покистон, Миср ва Туркия қўшма баёнот билан Исроилнинг “ноқонуний қарор ва чораларини” кескин қоралади. Исроил молия вазири Безалел Смотрич эса бу қадамлар “Исроил еридаги илдизларни чуқурлаштириш ва Фаластин давлати ғоясини йўққа чиқариш”га қаратилганини билдирди.

Қабул қилинган қарорлар орасида 1967 йилгача Иордания назорати даврида жорий этилган ер реестрларини махфий сақлаш қоидасини бекор қилиш, шу орқали яҳудийлар учун ер сотиб олишни енгиллаштириш, Хеброндаги қурилиш рухсатномаларини Фаластин маъмуриятидан Исроилга ўтказиш ҳамда Байтлаҳм яқинидаги Роҳил қабри ва Хеброндаги Патриархлар ғори каби муқаддас жойлар устидан назоратни кучайтириш режалари бор.

Фаластин раҳбарияти эса буни “Ғарбий соҳилни аннексия қилишга қаратилган уринишларни чуқурлаштириш” деб баҳолади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?