Трамп ҳаммани Теҳрондан кетишга чақирди — АҚШ урушга қўшилдими?

10:07 17 Июнь 2025 Дунё
145 0

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг «Truth Social» ижтимоий тармоғида «ҳамма Теҳронни зудлик билан эвакуация қилиши керак», дея ёзди.

«Эрон «келишув»ни имзолаши керак эди. Қандай шармандалик ва ҳаётни беҳуда сарфлаш. Эрон ядровий қуролга эга бўла олмайди! Мен буни қайта-қайта айтдим!» — дея қўшимча қилган Оқ уй раҳбари.

16 июнь куни «The Jerusalem Post» нашри Европа ва Америка расмийларига таяниб, Оқ уй раҳбари Эронга «якуний таклиф» билан чиқиш ниятида эканини хабар қилди.

Нетаньяҳу Хоманаийни йўқ қилишни истисно этмади
Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяҳу Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни йўқ қилиш режаларини истисно этмайди.

Аввалроқ, президент Дональд Трамп можарони кескинлашиб кетишидан чўчиб, Исроилнинг Эрон олий раҳнамосини ўлдириш режасини рад этгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Нетаньяҳунинг айтишича, бу можарони кескинлаштирмайди, аксинча, унга барҳам беради.

Исроил бош вазири шунингдек, Эрон режими ярим асрдан бери Яқин Шарқда «можароларни тарқатиб» келаётганини ва «ҳаммани даҳшатга солаётганини» айтди.

«Исроил ҳақиқатан ҳам Эроннинг олий раҳбарини нишонга оладими?», деган саволга Нетаньяҳу давлат «халқ учун керакли ишни қиляпти», деди.

Ўз навбатида, Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси Исроилга берилган зарбаларни ўзини ўзи ҳимоя қилиш деб атади. Теҳрон Форс кўрфази етакчиларидан Дональд Трампдан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда ёрдам сўрашни сўради.

Трамп Вэнс ва Уиткоффга Эрон вакиллари билан учрашишни буюрди
Доналд Трамп махсус элчи Стив Уиткофф ва вице-президент Жей Ди Вэнсни шу ҳафта Эрон вакиллари билан учрашишга таклиф қилди.

Таъкидланишича, агар учрашув рўёбга чиқса, Эрон томонидан катта эҳтимол билан унда Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Аббос Арақчи иштирок этади.

CНН телеканалининг хабар беришича, Оқ уй раҳбари ўз жамоасига имкон қадар тезроқ Эрон расмийлари билан учрашув ташкил этишни топширган.

Трамп АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгашига йиғилиб, Оқ уйдаги вазият хонасида йиғилишга тайёр туришни буюрган.

АҚШнинг бункер бомбаларини Исроилга бериб Эронга босим ўтказиши мумкин
АҚШ маъмурияти Теҳрон ядровий дастури бўйича музокараларда Эронга таъсир ўтказиш учун бункер бомбаларини Тел-Авивга ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Axios» портали хабар бермоқда.

Портал манбаларига кўра, ҳозирда Исроилда мавжуд бўлмаган бомбалар Эроннинг Фордо ерости ядровий иншоотини йўқ қилиш учун зарур.

Бундан ташқари, «Axios» Оқ уй Теҳрон билан АҚШ президентининг махсус вакили Стив Виткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ўртасида шу ҳафта учрашув ўтказиш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Вашингтон ядровий битим тузиш ва Эрон — Исроил можаросига барҳам беришни назарда тутувчи дипломатик таклифни муҳокама қилмоқчи. Шу билан бирга, учрашув масаласи ҳали якуний келишувга эришилмаган.

Катта еттилик (G7) Исроилни қўллаб-қувватлади
Еттилик гуруҳи (G7) давлатлари етакчилари Исроилни қўллаб-қувватлаб, Эронни Яқин Шарқдаги «террор манбаи» деб атади. Бу ҳақда «G7» қўшма баёнотида маълум қилинди.

«Эрон минтақадаги беқарорлик ва террорнинг асосий манбаи ҳисобланади. Биз Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигини изчил таъкидлаб келганмиз», — дейилади ташкилот баёнотида.

Ҳужжатда, шунингдек, «Эрон инқирози»ни тартибга солиш, деэскалация ва Яқин Шарқда, жумладан, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга олиб келади.

Аввалроқ америкалик сенатор Линдси Грэм Эрон ҳукуматини ағдаришга чақирган эди.

«Эронлик оятуллоҳ ва унинг тарафдорларининг бошини ёпиш вақти келди. Келинг, тезда Яқин Шарқда янги саҳифани — бағрикенглик, умид ва тинчлик бобини бошлайлик», — дейди у.

Эрон расмийлари АҚШ билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди
Эрон расмийлари воситачиларга АҚШ билан музокараларни давом эттиришга тайёр эканликларини, бироқ аввало Исроилдан ҳужумларини тўхтатишни исташларини айтишди, деб ёзмоқда «Washington Post» ўз манбаларига таяниб.

«Эрон расмийлари воситачиларга АҚШ билан ядровий музокараларни қайта бошлашга тайёр эканликларини айтишди, бироқ аввало улар Исроилдан ҳужумларини тўхтатишини исташмоқда», — деб ёзади нашр.

Нашрнинг ёзишича, ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлаш ҳаракатларига Ўмон ва Қатар бошчилик қилган.

13 июнга ўтар кечаси Исроил Эроннинг ядровий ва ҳарбий объектларига зарба бериб, «Уйғонган шер» операциясини бошлади. Ҳужумларда ядро қуролини ишлаб чиқиш билан боғлиқ инфратузилмани, шунингдек, юқори мартабали ҳарбий хизматчиларни нишонга олинди.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 220 нафардан ошиб кетган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. 1300 нафар киши шифохоналарга ётқизилган. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи тинч аҳоли вакиллари экани айтилмоқда.

Ўша куни кечқурун Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси «Ҳақиқий ваъда 3» операцияси бошланганини эълон қилди ва Исроилга қарши ракета зарбаларини берди. Теҳрон яҳудий давлатининг ҳарбий инфратузилмасига, жумладан, ҳаво базалари ва бошқа стратегик объектларига кенг кўламли зарбалар бера бошлади.

Эроннинг Исроилга жавоб зарбалари натижасида 24 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши яраланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер