Трамп ҲАМАСга жиддий талаб қўйди. Акс ҳолда “жаҳаннам” ваъда қилди

11:30 11 Февраль 2025 Дунё
231 0

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатидан шанба куни тушликкача барча гаровга олинганларни озод этишни талаб қилди.

«Агар шанба куни соат 12:00 га қадар уларни қайтариб олмасалар... Шундан сўнг жаҳаннам очилиб кетади», деди Трамп.

Душанба куни эрталаб Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти вакили Абу Убейда гуруҳ «Исроил келишувга риоя қилмаётгани» сабабли шанба куни режалаштирилган гаровга олинганларни озод қилишни кечиктиришга қарор қилганини маълум қилганди. Исроил томонидан содир этилган қонунбузарликлар орасида Убейда кўчирилганларнинг Ғазо сектори шимолига қайтиши кечикаётганини ва Фаластин анклавига гуманитар ёрдам етказилиши билан боғлиқ муаммоларни қайд этди.

Шу йилнинг 19 январдан бери Ғазо секторида Исроил ва ҲАМАС ўртасида Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбуслар эвазига исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича эришилган келишув доирасида сулҳ амалда.

Келишувнинг биринчи босқичи доирасида аллақачон бешта алмашинув амалга оширилди. Шу тариқа, Исроил 21 нафар гаровдагини, жумладан беш нафар Таиланд фуқаросини қайтаришга муваффақ бўлди. Ғазода ҳамон 76 нафар гаровга олинган қолаётгани, уларнинг ярмига яқини ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда.

15 ойдан бери давом этаётган қарама-қаршилик оқибатида 46 минг нафар фаластинлик ва 1500 га яқин исроиллик ҳалок бўлди. Можаро Ливан ва Яманга тарқалди ва Исроил ва Эрон ўртасида ракета алмашинувига сабаб бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?