Трамп АҚШ Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаганини маълум қилди

14:00 28 Февраль 2026 Дунё
915 0

Видеодан кадр

Бугун, 28 февраль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича 8 дақиқалик видеомурожаат билан чиқиш қилди. У ”Truth Social” тармоғида эълон қилинган баёнотида Америка Қўшма Штатлари Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлаганини расман тасдиқлади.

Трампнинг таъкидлашича, мазкур амалиётнинг асосий мақсади — Америка халқини ҳимоя қилиш ва Эрон режими томонидан келаётган бевосита таҳдидларни бартараф этишдир. У Теҳроннинг ҳаракатлари АҚШнинг хориждаги ҳарбий базалари, қўшинлари ва иттифоқчиларига тўғридан-тўғри хавф солаётганини қайд этди.

“Бу жуда қаттиққўл ва даҳшатли одамлар гуруҳи. Уларнинг таҳдид солувчи фаолияти тўғридан-тўғри АҚШга, бизнинг қўшинларимизга, чет элдаги базаларимизга ва бутун дунё бўйлаб иттифоқчиларимизга хавф туғдиради”, деган Трамп.

Оқ уй раҳбари, шунингдек, Вашингтон Эрон ракеталарини йўқ қилиш ва мамлакатнинг ракета саноатини “ер билан яксон қилиш” ниятида эканини билдирди. У АҚШ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиш имкониятига чек қўйишга қатъий қарор қилганини ҳам урғулади.

Баёнот давомида Трамп Эрон полицияси ва хавфсизлик кучларига мурожаат қилиб, қуролни зудлик билан ташлашга чақирди. Эрон халқига эса уйда қолиш ва кўчага чиқмасликни тавсия қилди.

Унинг сўзларига кўра, операция якунига етгач, мамлакатдаги ҳокимият масаласи эронликларнинг ўз ихтиёрига қолдирилади. Вазият атрофида кескинлик сақланиб қолмоқда.

АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилди

Исроил бугун, 28 феврал куни Эронга ҳужум бошлади. Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинганини маълум қилди. Баёнот Теҳрон марказидаги портлашлар ва унинг ортидан осмонга қалин тутун кўтарилаётган бир пайтда янгради.

Эрон давлат телевидениеси пойтахтдаги портлашларни тасдиқлади, бироқ ҳодиса юзасидан қўшимча тафсилот бермади. Айни пайтда, шаҳар марказида камида 3 та портлаш овози эшитилгани хабар қилинмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, бир нечта ракета Университет кўчаси ва Жумҳурият ҳудудига келиб тушган бўлиши мумкин.

Кейинчалик Теҳроннинг шимолий ва шарқий қисмларида ҳам янги портлашлар овози эшитилган. Айрим хорижий манбалар ҳужум АҚШ ва Исроил томонидан биргаликда амалга оширилганини даъво қилмоқда. Портлашлар хусусияти ракета зарбасини эслатиши таъкидланмоқда.

Шу билан бир вақтда, Исроил ҳудудида сиреналар янгради. Исроил ҳарбийлари буни аҳолини давлат ҳудудига ракета учирилиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантириш мақсадида берилган «профилактик сигнал» эканини билдирди. Ҳодиса тафсилотлари аниқлаштирилмоқда.

Яқин Шарқда янги ҳарбий қарама-қаршилик юзага келди, Исроил Эронга қарши превентив ҳужум бошлади [Превентив ҳужум — бу қарши томон эҳтимолий зарба беришидан олдин унинг олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган ҳарбий зарба ёки ҳужумдир (таҳр.)]. Бу Теҳроннинг Ғарб билан узоқ йиллардан бери давом этаётган ядровий можаросини дипломатик йўл билан ҳал этиш умидларини янада сусайтирди.

“The New York Times” нашрининг АҚШ расмийсига таяниб хабар беришича, Эронга қарши ҳужумда АҚШ ҳам иштирок этмоқда. “Reuters” агентлиги манбасига кўра, Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳозирда Теҳронда эмас ва хавфсиз жойга кўчирилган.

Айни пайтда Теҳрон марказида портлашлар овози эшитилмоқда. Эроннинг «Mehr» агентлиги хабарига кўра, разведка биноси, президент мажмуаси, Теҳрон аэропорти, шунингдек, Хоманаийнинг уйи ҳужумга учраган.

Ўз навбатида, Исроил, мамлакат ҳаво ҳудуди тўлиқ ёпилганини маълум қилди. Вазият кескинлигича қолмоқда, расмий баёнотлар ва қўшимча тафсилотлар кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?