“Тоза ҳудуд” масъуллари нега жавоб бермайди?
Мамлакатимизда сўнгги йилларда чиқиндиларни тўплаш ва ташиш хизматлари сифатини ошириш, шунингдек, бу соҳада тадбиркорликни фаол жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Аммо Фурқат тумани мисолида кўринадики, масъуллар беэътиборлиги ва фуқароларнинг мурожаатларига беписанд муносабат оқибатида чиқиндиларни самарали бошқаришда жиддий муаммолар ҳали ҳам бартараф этилмаяпти. “Тоза ҳудуд” корхонаси масъуллари нима учун ўз вазифасига лоқайдлик билан қарамоқда? Ҳафталаб, ҳатто ойлаб чиқиндилар тўпланиб қолмоқда. Аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга таъсири ҳақида ким қайғуради?
“Furqat marjoni – 2020” МЧЖ ходимлари ўзларини фаол кўрсатяпти, аммо амалий натижа қониқарли эмас. Чиқиндиларни олиб чиқиш жадвали ҳафтада камида икки марта бажарилиши лозим бўлса-да, амалда бир ойда фақат бир марта техника келиши кузатилади. Бу эса маҳаллаларда чиқиндилар йиғилиб, ҳаво ифлосланиши ва ҳашаротлар кўпайишига олиб келмоқда.
— Чиқинди ташиш учун ҳар ойнинг ўнинчи санасигача тўлов қиламиз. – дейди фурқатлик истеъмолчи Шоҳидахон Бобоева. – Бироқ машиналар ҳар ойда бир марта келади. Бу вақтда чиқиндилар йиғилиб кетади, ҳаво ифлосланади, ҳашаротлар кўпаяди.
Айрим маҳаллаларда чиқинди ташиш машиналари белгиланган йўналишлардан четлаб, ҳудудларнинг баъзиси бутунлай эътиборсиз қолмоқда. “Қушчи”, “Катта Янги”, “Кўкдўппи”, “Навбаҳор”, “Томоша” каби маҳаллаларда бир неча марта мурожаат қилинганига қарамай, натижа деярли йўқ. Бу эса “Тоза ҳудуд” масъулияти ва назорат тизими суст эканлигини очиқ кўрсатади. Маҳалла вакиллари ва аҳоли муаммони белгиланган идораларга қайта-қайта билдирмоқда. Масалан, “Қушчи” МФЙ раиси Иқболжон Усмонов жорий йилнинг ўтган даврида Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг Фарғона вилояти бошқармасига такрор ва такрор мурожаат қилган. Мақсад – “Furqat marjoni - 2020” МЧЖ масъулларининг чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетмаслиги, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга жиддий таъсирнинг олдини олиш эди. Аммо бошқарма раҳбариятидан келган жавоб хатлари деярли бир хил: “Мурожаатни ўрганиб чиқдик, чора кўрилди” деган расмий муносабат билан чекланмоқда. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: муаммо объекти бўлган ташкилотнинг ўзи текширувчи вазифасини бажариши қанчалик тўғри?
Фурқат тумани масъуллари эълон қилганидек, аҳоли шикоятлари бўйича текширув ишлари бошланган. Чиқинди ташиш жадваллари қайта кўриб чиқилмоқда. Аммо аҳоли фикри ва ҳақиқий амалиёт кўрсатмоқдаки, бу саъй-ҳаракатлар ҳозирча натижа бермаяпти.
Президентимизнинг жорий йилда 14 октябрда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маҳалланинг озодалиги ва аҳоли “маҳалла еттилиги”га алоҳида эътибор қаратилган эди. Аммо айрим маҳалла, кўча ва қурилишлар атрофида санитар талаблар ҳали ҳам бажарилмаяпти. Бу эса экологик хавфни оширмоқда, фуқароларнинг соғлиги таҳдид остида қолмоқда.
“Тоза ҳудуд” ДУК фаолиятидаги масъулиятсизлик ва камчиликлар очиқ ва яққол кўринади. Муаммонинг ҳақиқий ечими — масъулларнинг шахсий жавобгарлигини қатъий ошириш, чиқинди ташиш тартибини қайта кўриб чиқиш ва аҳоли билан очиқ, назоратли мулоқотни йўлга қўйишдир. Агар бу амалга оширилмаса, ҳудуд тозалиги ва аҳоли розилиги фақат қоғозда қолаверади.
Дурдона ҒАФФОРОВА,
журналист,
Фарғона вилояти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг