Тошкентдаги шифохонада жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирилгани аниқланди

15:01 23 Июнь 2024 Иқтисодиёт
554 0

Иллюстратив фото

Ибн Сино номидаги 1-сонли Тошкент шаҳар клиник шифохонасида жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Билдирилишича, агентлик ва ССВ томонидан соғлиқни сақлаш тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси ижроси юзасидан Ибн Сино номидаги 1-сонли Тошкент шаҳар клиник шифохонасида бюджет маблағларидан фойдаланиш ва тизимдаги коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш масалалари бўйича ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш давомида тиббиёт муассасасида бюджет маблағларини ўзлаштириш ва талон-торож қилиш, амалда бажарилмаган ишлар учун ойлик иш ҳақи тўланиши, тиббий жиҳозлардаги камомад, давлат харидлари жараёнлари билан боғлиқ қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.

«Хусусан, ташкилот мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда шифохонада амалда бир қатор лавозимлар мавжуд бўлсада, бошқа фуқаролар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузган ва амалда бирор-бир бажарилмаган иш учун уларга доимий равишда ойлик иш ҳақи тўлаб келинган. Натижада жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилинган», дейилади агентлик хабарида.

Қўшимча қилинишича, агентлик тақдим этган ҳужжатлар асосида прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?