Тошкентда вояга етмаган қиз 9-қаватдан ўзини ташламоқчи бўлди

15:29 23 Июль 2025 Жамият
195 0

Тошкентнинг Яккасарой туманида ўсмир қиз кўп қаватли уй томидан ўзини ташламоқчи бўлди. Ушбу ҳолат тўғрисида Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, қиз уйнинг томи орқали устунга туриб, ўзини пастга ташламоқчи бўлган. Бу ҳолатга гувоҳ бўлган фуқаролардан бири маҳалла ҳудудидаги «Ташвиш тугмаси»ни босиб, Ички ишлар органлари Қутқарув хизмати навбатчилик қисмини хабардор қилган. Маҳалла профилактика инспекторига ҳам хабар етиб борган.

Зудлик билан воқеа жойига етиб борган маҳалла профилактика инспектори томга чиққан ва қиз билан 30 дақиқа профилактик суҳбат олиб борган. Шу вақтда пастда жамоат тартибини сақлаш билан шуғулланаётган ички ишлар ходимлари ҳам вазиятни назорат қилган.

Шундан сўнг, вояга етмаган қиз ўзини ташламоқчи бўлганда, ходим уни ушлаб қолган.

«Вояга етмаган синглимизни 10−15 дақиқа давомида бор кучим билан ушлаб турган вақтимда, у менга жиддий қаршилик кўрсатди. Аммо ўзимни қўлга олган ҳолатда уни ушлаб туришга муваффақ бўлдим», деган профилактика инспектори.

Қиз ФВВ ходимлари кўмагида арқон орқали томнинг хавфсиз қисмига чиқариб олинган ҳамда у билан мутахассислар томонидан психологик суҳбатлар олиб борилган.

Аввалроқ 7 июль куни Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 2 нафар вояга етмаган, 2009 йилда туғилган С.Д ва 2010 йилда туғилган Б.С. кўп қаватли уй биноси томидан сакраб, ўз жонига қасд қилгани тўғрисида хабар қилгандик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?