Тошкентда шифохоналар учун йўлланмаларни пуллаш билан шуғулланганлар қўлга тушди

12:38 21 Август 2025 Жамият
187 0

Иллюстратив фото

Тошкентда фуқароларга шифохоналар учун имтиёзли йўлланмани пуллаш билан шуғулланиб келганлар қўлга тушди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, фуқаро Г.М. «Telegram» ижтимоий тармоғи орқали Тошкент шаҳридаги туман тиббиёт бирлашмаларида ишлаётган «ишончли» танишлари ёрдамида пойтахтдаги ҳар қандай шифохонага 1,5 – 2 миллион сўм эвазига даволаниш учун имтиёзли йўлланма тайёрлаб беришини мунтазам эълон қилиб келган.

Ҳолат бўйича вазирликнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлими томонидан жорий йил 12 августда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилиб, ушбу фуқаро, унинг шериклари ва бир неча тиббиёт ходимлари қўлга олинди.

Ўрганиш жараёнида Г.М.нинг шериги, фуқаро М.Қ.нинг ёнида М.Г.га тегишли йўлланма борлиги аниқланган. Уларнинг ёнидан Ибн Сино номли 1-сон шаҳар клиник шифохонасида даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳам топилган.

Маълум бўлишича, йўлланмани расмийлаштириш мақсадида лаборатор ва инструментал таҳлил ва бемор тиббий картасидан кўчирмаларга Шайхонтоҳур туманидаги оилавий поликлиникаларнинг бирида ишлаётган шифокорларнинг имзоси ва муассаса муҳри қўйилган.

Ҳолат юзасидан ўтказилаётган терговга қадар текширувлар давомида пойтахтимиздаги оилавий поликлиника ва бошқа муассасалар масъул шахсларидан ҳамда тиббиёт ходимларидан тушунтириш хатлари олинган.

Ҳозирги пайтда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жиноят иши қўзғатиш ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?