Тошкентда «Олтин куз» иқтидорли, ижодкор ёшлар форуми бошланди
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Пойтахтда илк бор «Олтин куз» иқтидорли, ижодкор ёшлар форуми ўз ишини бошлади. Тадбир жорий йилнинг 31 октябрдан 4 ноябргача давом этади.
Мазкур форум Маданият вазирлиги томонидан маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Форумда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 250 нафар маданият ва санъат соҳаси вакиллари, фаол ижодкор ёшлар иштирок этмоқда.
Форумнинг биринчи куни матбуот анжумани билан бошланди. Унда форум дастури, асосий йўналишлари ҳамда тадбирлар режалари ҳақида иштирокчилар ва оммавий ахборот воситаларига батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов раислигида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ўтказилди.
Бундан ташқари, «Маданият тўлқинлари» медиа лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Маълум қилинишича, танловга 10 йўналиш бўйича 300 га яқин видео маҳсулотлар тақдим этилган бўлиб, ҳайъат аъзолари томонидан аниқланган 50 нафар ғолиб 50 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Форумда, шунингдек, «Назм гулшани» ёш шоирлар ижодий учрашуви ҳам ташкил этилди.
Дастур доирасида 3 ноябрь кунидан бошлаб «Олтин куз» номли халқаро оркестрлар фестивали ўтказилиши режалаштирилган.
Форум якунида энг фаол ва ташаббускор ижодкор ёшлар Маданият вазирлиги томонидан тақдирланади.
Мазкур тадбир ёшларнинг маданият ва санъат соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш, ижодий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда уларнинг янги ғояларини рўёбга чиқариш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Машҳура Алимардон, «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг