Тошкентда ноқонуний дорилар савдоси билан шуғулланиб келган ота-болалар қўлга олинди
Тошкентда мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан келтирилган дорилар савдоси билан шуғулланиб келган ота-болалар қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.
1949 й.т. фуқаро ва унинг 1979 й.т. ўғлини Олмазор туманидаги яшаш манзили кўздан кечирилганда, хонадон ертўласида умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этувчи «Тренакса», «Сумамигрен», «Фемилекс» каби жами 72 номдаги 3615 қути дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ота-болалар мамлакатимизга ноқонуний олиб келинган бундай дори воситаларини мунтазам равишда водий вилоятларидан арзон нархда харид қилиб, пойтахтдаги мижозларга сотиш билан шуғулланишган.
«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасининг хулосасига кўра, ушбу дори воситалари давлат реестрида қайд этилмаган, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган ҳамда уларни махсус шароитларда сақлашнинг белгиланган қоидаларига амал қилинмаган. Шу сабабли мазкур дори воситаларини юртимизда сақлаш, сотиш, ташиш ва тиббиётда қўллаш тақиқланади.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25 орқали 186 прим 3-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳридаги дорихоналардан бирида сотиш учун сақлаб келинаётган, шубҳа уйғотувчи 456 турдаги 57407 дона дори воситалари, 18 турдаги 835 дона дори воситаларининг ясама бўш қутилари ҳамда 1 дона дори тайёрлаш мосламаси мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, дори воситаларнинг умумий қиймати 3,5 миллиард сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, ушбу дори воситаларининг 160 турдагиси давлат реестрида қайд этилмаганлиги, 274 турдагисига мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаганлиги, 50 турдагиси сифатсиз, яроқлилик муддати ўтган ҳамда 7 турдагиси эса қалбакилаштирилганлиги маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан дорихона мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 186 прим 3-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг