Тошкентда “MebelExpo Uzbekistan 2024” халқаро кўргазма бўлиб ўтмоқда

17:40 29 Май 2024 Жамият
407 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”

Пойтахтимизда “Ишлаб чиқариш технологиялари. Ёғочсозлик. Мебель ва бутловчи қисмлар – “MebelExpo Uzbekistan 2024” XX юбилей халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Уч кун давом этадиган ушбу кўргазмада 14 та мамлакатдан 144 та компания вакиллари иштирок этмоқда. Эътиборлиси, халқаро кўргазмада Австрия, Беларусь Республикаси, Германия, Эрон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Туркия ва Қирғизистон каби мамлакатлар тадбиркорлари ўз маҳсулотларини намойиш этишмоқда.

Кўргазманинг пойтахтимизда ўтказилаётганининг ўзига хос сабаблари бор. Чунки мамлакатимизда кейинги йилларда мебель ва ёғочсозлик саноати жадал ривожланиб, маҳсулотни маҳаллий бозорга ва хорижга экспорт қилиш даражаси юксалиб бормоқда. Бир томондан юртимизда уй-жой мажмуалари, ижтимоий инфратузилма объектлари, маъмурий бинолар ва бизнес марказларининг тез суръатларда қурилаётгани бу каби маҳсулотларга бўлган талабни оширмоқда. Қолаверса, республикамизда мебель, материаллар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчи ҳамда ёғочга ишлов берадиган корхоналар сони ошиб бормоқда. Охирги 10 йилда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури сезиларли даражада кенгайиб, сифати ва дизайни жаҳон тенденцияларига мос равишда яхшиланиб, тайёр мебель экспорти ҳам, импорти ҳам ортиб бормоқда.

— Кўргазмада 20 дан ортиқ компанияларимиз қатнашмоқда, — дейди туркиялик тадбиркор Салим Шаҳин. — Ўзбек тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни олдиндан билардим, ҳозир эса уларни яқиндан кузатдим, менга жуда ёқди. Бизда инвестиция киритиш истаги туғилди. Ўзбек ва турк тадбиркорлари иштирокида қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўймоқчимиз.

Соҳани изчил ривожлантиришда Президентимизнинг 2023 йил 10 февралдаги “Мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида имтиёз ва енгилликлар жорий этилгани тадбиркорлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Бу халқаро кўргазмада иштирок этаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг бежирим ва хилма-хиллиги мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

“MebelExpo Uzbekistan 2024” халқаро кўргазмаси 30 майга қадар давом этади.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?