Тошкентда банкдан 90 минг долларни ўғирлаган фирибгарлар қўлга олинди

19:57 03 Июль 2025 Жамият
258 0

Тошкентдаги банкдан 90 минг доллар ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилган.

Қайд этилишича, 18 июнь куни Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи номига «Tenge bank» чакана хизматлар кўрсатиш бўлими бошлиғи ариза билан мурожаат қилган. Унда номаълум шахслар томонидан 90 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари талон-торож қилинганини билдирган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида шу куннинг ўзида бир неча шахслар банк кассасига мижоз сифатида ташриф буюриб, банк картасида мавжуд 90 минг долларни нақдлаштириш мақсадида POS-терминалга ёлғон ахборот киритиш йўли билан шунча пулни олиб кетгани аниқланган.

Зудлик билан тезкор-техник тадбирлар амалга оширилиб, ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган жиноий гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинган.

«Банк ходими билан келишган ҳолда, бизлар банкка кириб, 90 000 АҚШ долларини программа орқали ечиб олдик. Мен шу қилган ишимдан жуда ҳам пушаймонман, сизлар ҳам унақа жойларга кирманглар, енгил пул ҳеч қачон ҳеч қаерда бўлмайди», — дейди қўлга олинган шахслардан бири.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида 12 дона телефон аппарати, POS-терминал, 9 дона банк карталари, 1 670 000 сўм ва 36 495 доллар ашёвий далил сифатида олинган.

Жами 9 нафар шахс Жиноий-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Айни пайтда ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?