Тошкент яна «биринчи»га чиқди

15:23 05 Февраль 2025 Жамият
294 0

Фото: Санжар Шомуродов/«Халқ сўзи»

Сўнгги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида биринчи ўринга чиқди. «IQAir» портали ҳаво сифати ҳақида реал вақт режимида маълумот бериб, 5 февраль соат 15:10 ҳолатига кўра пойтахтимизда PM2.5 заррачалари миқдори 209 мкг/м³ га етганини қайд этди. Бу кўрсаткич Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсия этган меъёрдан 41,2 баравар юқори бўлиб, «жуда зарарли» тоифасига киради.

Рейтингда иккинчи ўринни ҳам бегона шаҳар «қўлга киритмади». Қозоғистоннинг Олмота шаҳри PM2.5 заррачалари концентрацияси 189 AQI (ҳаво сифати индекси) ни ташкил этди. Учинчи ўринда эса Бангладешнинг Дакка шаҳри қайд этилиб, унда AQI 183 га тенг бўлди.

Мутахассислар бундай юқори ифлосланиш даражаси инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиришини таъкидламоқда. Аҳолига зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик, айниқса, сурункали нафас олиш йўллари касалликларига чалинган фуқароларга тиббий ниқоблардан фойдаланиш тавсия этилади. Шунингдек, уйга киргандан кейин юз-қўлларни яхшилаб ювиш, хонада чанг тўпланишига йўл қўймаслик, эшик ва деразаларни маҳкам ёпиш ҳамда хоналарни нам латта билан тозалаш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши кўплаб омиллар, жумладан, саноат чиқиндилари, транспорт воситаларидан чиқадиган газлар ва табиий шароитлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мутасадди ташкилотлар ушбу муаммони ҳал этиш учун тегишли чоралар кўриши зарур.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?