Тошкент вилоятида қарийб 2 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди

18:57 22 Февраль 2025 Жамият
280 0

Тошкент вилояти Зангиота туманида 1,6 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, вилоят ҳудудида газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ўзэнергоинспекция ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган рейдларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Шу каби тадбирлардан бирида Зангиота тумани «Истиқлол» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро К.Б. ўз хонадонида иссиқхона ташкил қилиб, табиий газ тармоғига ҳисоблагичдан олдин ўзбошимчалик билан уланиб, 4 дона ностандарт ёндиргич орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланган.

Ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинди ва 1 миллиард 684 миллион сўмлик зарар ҳисобланган.

Шунингдек, Қибрай туманининг «Обод» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Т.Р. хонадонида иссиқхона ташкил қилиб, ҳисоблагичдан ташқари табиий газ қувурига ўзбошимчалик билан уланиб, «зангори ёқилғи»дан ноқонуний фойдаланиб келгани маълум бўлган.

Ноқонуний сарфланган табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинган ва 291 миллион 926 минг сўмлик зарар аниқланган.

Ҳозирда мазкур ноқонуний ҳолатлар бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?