Тошкент ҳавосини яхшилаш йўлида жиддий қадам
Президентимиз томонидан куни кеча «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон имзоланди.
Ушбу ҳужжат халқимиз, айниқса, пойтахт аҳлига катта қувонч бағишлаши баробарида, эртанги кунга ишонч ва умидни янада кучайтирди. Негаки, унда мамлакатимиз бош кентининг экологиясини яхшилаш, ҳавоси мусаффолигини таъминлаш бўйича энг муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Қувонарли томони шундаки, Фармонда кўрсатилган вазифалар ижросига у эълон қилинган ондаёқ киришилди. Натижада Тошкент ҳавосида ўзгаришлар кузатила бошланди.
— Хайрият, Тошкент ҳавоси бугун бир оз яхшиланди, — дейди тошкентлик боғбон Мирзааҳмад Ризаев. — Чанг ва ғуборлар секин-аста кўтарилиб, енгил нафас ола бошладик. Буни мен Президент ташаббуси билан пойтахт экологиясини яхшилаш бўйича бошланган амалий чора-тадбирлар самараси, деб биламан.
Дарҳақиқат, ўтган ҳафтада бошланган пойтахт ҳавосининг юқори даражада ифлосланиш ҳолати узоқ муддат сақланиб туриши билан одамларни қийнаб қўйди. “Гидрометеорология” хизмати агентлиги буни ҳарорат инверсияси, яъни совуқ ҳаво устида илиқ ҳаво муаллақ бўлиб, ҳаво қатламларининг аралашиб кетишига йўл қўймаслиги, ер яқинида зарарли моддаларнинг тўпланишига сабаб бўлиши билан изоҳлади. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси эса тез-тез такрорланаётган бу муаммо ҳам табиий, ҳам антропоген омиллар таъсирида юзага келганини маълум қилди.
Шу пайтгача муаммонинг асосий сабаблари бот-бот айтилса-да, унинг ечими сари жиддий саъй-ҳаракатлар амалда сезилмаётган эди. Ана шундай бир пайтда давлатимиз раҳбарининг Фармони эълон қилиниши аҳолининг айни дилидаги гап бўлди. Ахир, унда ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўлаётган барча омилни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар акс этган.
Кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар
Эндиликда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш мақсадида экологик назорат янада кучайтирилади. Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш учун кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрилади. Бу борада Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига 2026 йил 1 мартга қадар муҳим вазифалар юклатилди.
Энг асосийси, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилиб, унга кўплаб ваколатлар берилди. Аввал қабул қилинган тегишли Фармон, қарор ва топшириқлар ижросини таъминлаш вазифаси ҳам унинг зиммасига юклатилди.
Хўш, махсус комиссия ўз ваколати доирасида қандай ишларни амалга оширади?
Махсус комиссия расмий манбасидан олинган маълумотларга қараганда, у қурилиш ишларини амалга оширишга чеклов ва талаблар жорий қилиш, табиий чангланиш кучайган пайтда саноат корхоналари, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловларни ўрнатиш ваколатига эга.
Шу билан бирга, махсус комиссия саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарини фильтрлар билан жиҳозлаш ҳамда “АИ-80” маркали бензиндан воз кечиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ижроси назоратини олиб боради. У томонидан қабул қилинган қарор ва кўрсатмалар барча давлат идоралари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.
Айтиш жоизки, махсус комиссия Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни доимий таҳлил ва мониторингдан ўтказиш асносида унинг ёмонлашиш тенденцияларини прогноз қилади. Эковазият мураккаблашган ҳолларда уни яхшилашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш бўйича таклифлар тайёрлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентига киритиш ваколати берилди.
Сув ҳавзалари ва фавворалар кўпаяди
Иқлимшуносларнинг фикрича, шаҳар ҳавосини ифлослантирувчи асосий манбалардан бирига айланган қурилиш ишлари энди тартибга олинади. Сабаби, қурилиш майдонлари назорати кучайтирилади. Бир ҳафта ичида 500 м2 ва ундан катта майдонларда комплекс текширувлар ўтказилиб, майдонларнинг камида 25 фоизи кўкаламзорлаштирилгани, сув пуркагичлар ўрнатилгани, кириш-чиқиш йўлларида автотранспорт ғилдираклари ювиладиган ҳавзалар мавжудлиги ва материаллар брезент ёки ПВХ қоплама билан ёпилган ҳолда ташилаётгани текширилади. Чанг ва қумнинг ҳавога кўтарилишига йўл қўймаслик талаблари қатъий кузатув остига олинади.
Эндиликда катта қурилиш майдонларида мониторинг станциялари мажбурий бўлади. Майдони 1 000 м2дан ортиқ объектларда мониторинг ускуналарини ўрнатиш ва қўмита тизимига улаш қурилишни давом эттиришнинг асосий шарти этиб белгиланди. Шунингдек, йўл бўйларида дарахт ва буталарни мунтазам ювиш, кўп квартирали уйларда суғориш учун резервуарлар ўрнатиш чоралари кўрилади.
Пойтахтда микроиқлим барқарорлигини таъминлаш бўйича йирик лойиҳалар бошланади. Уч ой муддатда шаҳарнинг тўрт йўналиши бўйлаб камида учтадан сунъий кўл ва сув ҳавзаси барпо этилади. Бундан ташқари, икки ҳафта ичида Тошкентдаги фавворалар сонини камида икки бараварга кўпайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.
Иссиқхоналарда рейдлар ўтказилмоқда
Таҳлилларга қараганда, куз-қиш мавсумида шаҳар ҳавоси ифлосланишида иссиқхоналарнинг салбий таъсири катта бўлмоқда. Чунки айрим тадбиркорлар иситишда зарарли моддалардан фойдаланиш ҳоллари кўплаб учрамоқда. Шунинг учун иссиқхоналар бўйича назорат ҳам кескин кучайтирилади.
Махсус комиссиядан маълум қилинишича, айни пайтда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти атрофида жойлашган иссиқхоналарнинг иситиш тизимларини кўздан кечириш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Унга тегишли ташкилотлар ходимлари ҳам жалб этилган. Бундан кўзланган мақсад ноқонуний печлар, ёқилғи сифатида ишлаётган автошиналар, фильтрсиз мўрилар ва бошқа зарарли моддалар чиқарувчи ёқилғиларга қарши курашишдир.
Шу ўринда айтиш жоизки, 200 м2дан ортиқ иссиқхоналарда чанг тарқатиш ва экологик талабларни бузиш билан боғлиқ қонунбузилишлар учун жарималар оширилади, ёқилғи ёқилиши ҳолатларида эса объектларни давлат фойдасига мусодара қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарлик тартиби жорий этилади.
Энергетика вазирлиги масъулларининг айтишича, Фармонда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, бир ҳафтада иссиқхоналарни табиий газ билан таъминлаш бўйича шартномалар тузилади.
Доимий онлайн назорат
Ҳужжат ижроси доирасида пойтахтда ҳаво ифлосланишини камайтириш учун ҳаво сифати мониторинги яхшиланади. Бунинг учун “Air Monitoring Uzbekistan” платформасига гидрометеорологик хизмат тизимидаги барча кузатув станцияларини, жумладан, янги ўрнатиладиган автоматик постларни улаш режалаштирилган.
Фармонга мувофиқ, атмосфера ҳавосининг PM2.5 каби майда заррачалар билан ифлосланиш манбаларини аниқлашга ихтисослаштирилган махсус лаборатория ташкил этилади. У космик тасвирлар, замонавий ўлчов ускуналари ва моделлаштириш технологиялари асосида таҳлиллар олиб боради, қабул қилинаётган экологик қарорларни илмий жиҳатдан асослашда муҳим ўрин тутади.
Умуман олганда, 2025 йил охиригача атмосфера назорати тўлиқ модернизация қилинади. 347 та автоматлаштирилган станция хариди амалга оширилиб, “Air Monitoring Tashkent” тизими қўмита бошқарувига ўтказилади ва умуммиллий “Air Monitoring Uzbekistan” платформасига интеграция қилинади. Гидрометеорология хизмати станциялари ва “Замин” фонди ўрнатган постлар ҳам ягона мониторинг тизимига уланади.
Ҳаво тозалагичлар бождан озод
Яна бир янгилик. Тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар ички бозорда талаб ортиб бораётган маиший ҳаво тозалаш ускуналарини юртимизга олиб киришда божхона божидан озод этилади.
— Президентимиз Фармони билан бу турдаги товарлар учун импорт божининг бекор қилинаётгани хориждан ҳаво тозалагичларнинг кенг ассортиментдаги импортини рағбатлантиради ва ички бозорда истеъмолчиларга товарларнинг мақбул нархларда етиб боришига йўл очади, — дейди Божхона қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев.
Божхона қўмитаси маълумотларига қараганда, кейинги пайтда ҳаво тозалагичлар импорти муттасил ортмоқда. 2025 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистонга умумий қиймати 1,3 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 18,1 минг донадан зиёд маиший ҳаво тозалагичлар келтирилган. Бу рақам ўтган йилнинг шу давридагига қиёсланганда импорт ҳажми 22 фоиз ошганини кўрсатади.
Маълумот ўрнида айтганда, ушбу турдаги товарлар, асосан, Хитой, Туркия, Германия, Россия, Нидерландия ва бошқа давлатлардан келтирилмоқда.
Фармонда пойтахт экологиясини яхшилаш, ҳавонинг ифлосланишига йўл қўймаслик ва осмонимиз мусаффолигини таъминлаш учун нафақат тезкор чора-тадбирлар, балки узоқ истиқбол кўзланган дастурий вазифалар ҳам қамраб олинган. Зотан, нафас олиб турганимиз — ҳавонинг тоза ва софлигининг таъминланиши миллионлаб инсонларнинг саломатлиги ва ҳаёт-мамот масаласидир.
Шу боис давлатимиз раҳбари тегишли ташкилот ва тузилмалар қаторида оммавий ахборот воситалари олдига ҳам муҳим вазифа қўйди. У ҳам бўлса, мавжуд экологик ҳолат, унинг аҳоли саломатлигига таъсири ва профилактика қилиш усуллари бўйича тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, аҳолининг хабардорлигини оширишдир. Бу ҳақда гап кетганда, “Халқ сўзи” газетаси айни шу масалага бағишланган туркум материаллар тайёрлаб, эълон қилиб келаётганини эслатиб ўтишимиз жоиз. Хусусан, газетамизнинг шу йил 21 октябрь сонида “Чанг-тўзонлар қуршовида қолаётган шаҳар” сарлавҳаси остида таҳлилий-танқидий мақола чоп этилди.
Минг афсуски, унда кўтарилган Тошкент шаҳри ҳавоси ва экологияси билан боғлиқ муаммолар, уларнинг ечими юзасидан қўйилган саволларга шаҳар ҳокимлигидан ҳам, собиқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигидан ҳам расмий муносабат ололмадик. Жўнатилган расмий хат ва сўровларимиз эътиборсиз қолдирилгани таассуфланарлидир.
Бинобарин, тоза ҳаво — умумий бойлик! Уни ифлослантиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Энди давлат бу масалада муросага келмайди. Буни айрим раҳбар ва масъуллар ҳам ақл тарозисига қўйиб, ўзларига тегишли хулоса чиқаради, деган умиддамиз.
Саид РАҲМОН, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг