Томошабин театрга эмас, театр томошабинга!
Ўтган йили кузда Сайхунобод тумани болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган Нурилла Аббосхоннинг “Инсон ўзинг” спектакли намойишида томошабин кўплигидан қўшимча жойлар қилишга тўғри келди. Ҳатто уни тик туриб кўрганлар ҳам бўлди.
Томошабинлар орасида туманнинг ўша вақтдаги ҳокими Ботир Мирзақулов ҳам бор эди. Спектаклдан сўнг у Сирдарё вилояти мусиқали драма театри ижодий жамоасига миннатдорлик билдирар экан, улар билан мана шундай сайёр намойишларни тез-тез ташкил этиб туришга келишиб олди. Бир муддатдан сўнг қўшни Сирдарё туманига ҳоким бўлиб ўтгач, театрни ўша ҳудудга ҳам таклиф қилди...
Сирдарё театрининг жойлардаги ижодий сафарлари билан боғлиқ бундай қувонарли ҳолатларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Эътиборли жиҳати, Бахт, Янгиер шаҳарлари ва бошқа манзилларда бўлиб ўтган томошаларда ҳам ўша манзара кузатилди: одамлар саҳна асарларини кўришга чанқоқ. Бу талабни ҳис қилган театр жамоаси сайёр спектакль намойишларини мунтазам йўлга қўйди. Ва “Томошабин театрга эмас, театр томоашабинга” деган тамойилни ўзлари учун вазифа қилиб белгилаб олди.
— Жойларга чиқиб спектакль кўрсатиш ҳам ижодий жамоамизга, ҳам томошабинга бирдек наф келтирмоқда, — дейди ёш актёр Қандиёр Рустамов. — Қувонарлиси, томошабинларнинг аксарияти ёшлар. Шубҳасиз, бизнинг ижодий ишларимиз уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириб, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбия топишига ҳисса қўшади. Билсангиз, нафақат улар, балки катта ёшдагилар орасида ҳам, хоҳиши бўлгану аммо имконияти бўлмаган, ҳали умрида бирон марта театрга тушмаганлар учрайди. Сайёр намойишлар туфайли улар ниятига етмоқдалар. Узоқ-яқиндаги юртдошларимизнинг бу истакларини адо этиш эса бизга янада илҳом бахш этаётир.
Вилоят театри айни кунларда Гулистон давлат университетида Чингиз Айтматовнинг “Сарвқомат дилбарим” қиссаси асосидаги саҳна асарини тақдим қилмоқда. Бундан олдин эса талабалар Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асари асосидаги спектаклдан баҳраманд бўлган эди.
— “Отамдан қолган далалар” асарини мактабда ўқиб юрган кезларим мутолаа қилган эдим, — дейди ГулДУ талабаси Ёрқинжон Ҳайитбоев. —Романнинг саҳналаштирилган талқинини кўриб, ўша вақтда олган таассуротларим жонлангандек бўлди. Асарда Деҳқонқул, Ақраб, Жамолиддин кетмон ва бошқа образлар орқали “Пахта иши” туфайли қийинчилик кўрган, залолат қурбонига айланган содда халқимизнинг ҳаёти тасвирланган. Халқ бошидан ўтган қийинчиликлар, қора кунлар тарих китобларидан ўчиб кетса ҳам инсонларнинг қалбидан йўқолмайди. Асарнинг моҳияти Сирдарё театрининг моҳир ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган кўриниш орқали янада бетакрор намоён бўлди. Энг муҳими, биз, ёшлар театрни яхши кўриб қолдик. Чунки унда айни замоннинг баъзи ахборот технологиялари воситалари орқали узатилаётган паст савиядаги бачкана мавзулар эмас, тарбия ва одоб бор.
Театр билан тузилган ҳамкорликка биноан университетда ҳафтанинг уч куни “Театр куни” деб белгиланган. Ҳар намойишда 400 дан зиёд ёшлар, ўқитувчи-профессорлар спектакль кўриш имкониятига эга бўлмоқда. Албатта, сайёр намойишларда саҳналарнинг ташкилий-техник имкониятлари театр биносидагидек эмас. Шу боис бу борада ҳам мақбул йўл тутилган: кичик саҳналар учун алоҳида декорациялар тайёрланган. Чироқлар билан боғлиқ масалалар эса актёрлик маҳорати билан киройи ҳолда ечилмоқда.
Театр ёшларнинг маънавий ва маърифий билимларини ошириш, мозийни пухта билиш, Ватан ва халқ равнақи йўлида фидойи инсонлар бўлиб етишишда муҳим аҳамиятга эга тарихий асарларни репертуарининг бош мавзуларидан бирига айлантирган. Хусусан, Ҳайитмат Расул қаламига мансуб “Моҳи Турон” (“Бибихоним”), Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи асосида “Аҳли жаҳондин яхшилиғ” (“Бобур”) тарихий драмалари шулар жумласидандир.
Саънатшунослар Сирдарё театри актёрларининг ўзига хос ижро услуби, бу ерда шаклланган актёрлик мактабини эътироф этади. Ижодкорларнинг ана шундай эътиборга мушарраф бўлишида театр очилганидан бугунги кунга қадар санъатни ҳаётининг мазмуни, театрни муқаддас даргоҳ деб билган, турли спектакллар, маданий тадбирлар ва қатор фильмлар орқали томошабинларга танилган Ўзбекистон халқ артисти Шафоат Раҳматуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар — Абдуҳамид Ғафуров, Ақида Ҳайитова, Рўзмат Каримов, Мамажон Нурматов, Шариф Жумаев, Адҳам Абдуллаев каби санъаткорлар ҳиссаси беқиёс.
Мирзачўл воҳасига театр санъатини олиб кирган мазкур даргоҳнинг муҳташам биноси бугун нафақат Гулистон шаҳрининг, балки Сирдарё вилоятининг “ташриф қоғоз”ларидан бири, десак, муболаға бўлмайди. Кейинги йилларда ўзига хос улуғвор меъморий ечимдаги ушбу кошона тубдан таъмирланди. Театр майдони сўлим боғга айланди, унга ўзбекона айвонлар ўрнатилди. Театрнинг катта зали 550 ўринли, иккита кичиги эса 80 томошабинга мўлжалланган бўлиб, уларда қўғирчоқ спектакллар ва бошқа тадбирларни ўтказиш мумкин. Ўриндиқлардан то совутиш-иситиш тизимигача барча жиҳозларнинг замонавий ва қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, саҳна ускуналари ҳам театр санъатининг айни пайтдаги энг илғор ва сўнгги намуналари асосида бўлишига эришилди. Санъаткорлар учун қулай ижодий шароитлар яратилди.
Театрнинг ютуқлар мундарижаси ҳам анча салмоқли. Жумладан, 2018 йилнинг ноябрь ойида Қозоғистон Республикасининг Толдиқўрғон шаҳрида ўтказилган VII Халқаро театр фестивалида намойиш этилган Ч. Айтматовнинг “Момо ер” спектаклидаги Тўлғоной роли учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Маматиллаохунова “Энг яхши аёл роли” ва саҳналаштирувчи рассом, Ўзбекистон санъат арбоби Шуҳрат Абдумаликов эса “Энг яхши сценограф” номинацияларини қўлга киритди. 2019 йили эса Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган “Сени куйлаймиз, замондош!” V Ўзбекистон театрларининг кўрик-фестивалида М. Каримовнинг “Инсонликка номзод” спектакли билан қатнашиб, фахрли 3-ўринга сазовор бўлди.
Гарчи пандемия шароити бўлса-да, ўтган 2020 йил ҳам театр жамоаси учун қизғин ижодий жараёнда кечди — ижодкорлар онлайн тарзда спектакллар репитициясини давом эттирди. Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ Чингиз Айтматовнинг “Сарвқомат дилбарим”, ёш томошабинлар учун “Музлаган соат” спектакллари ҳамда Тоғай Мурод қаламига мансуб “Отамдан қолган далалар” асари муваффақият билан саҳналаштирилиб, мутахассислар ва томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Йил якунида театрнинг ёш ва иқтидорли режиссёри Нигора Ғойибназарова “Йил режиссёри” номинацияси бўйича “Эътироф” мукофотига лойиқ кўрилди.
Пировардида таъкидлаш ўринлики, Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши йиғилишида берилган топшириқларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи театр жамоаси тарихий мавзулардаги асарларни саҳналаштиришга алоҳида эътибор қаратаётгани ва ҳудудлардаги таълим муассасалари ҳамда маданият марказларида сайёр тарзда спектакллар намойиш этиб келаётганини юқори баҳолади. Ушбу эътироф сирдарёлик санъаткорларни руҳлантириб, фаолиятини янада кучайтириш ва такомиллаштиришга ундамоқда.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг