Томорқадаги барака

15:38 30 Октябр 2025 Жамият
361 0

Азалдан ота-боболаримиз бир қарич томорқадан ҳам унумли фойдаланиб, яхши даромад олишга эътибор қаратган. Ғузор туманининг Даштобод қишлоғида яшовчи Тўрақул Қоржовов ҳам деҳқончиликнинг катта даромад манбаилигига бугун ўз фаолияти мисолида амин бўлмоқда.

– Маҳалламиз аҳли асосан кўчатчилик, шунингдек, помидор, булғор қалампири, сабзи, шолғом ҳамда полиз маҳсулотлари етиштиришнинг ҳадисини олган, – дейди Т. Қоржовов –Йил бошида ишни помидор, булғор қалампири кўчатлари етиштиришдан бошлагандик. Йигирма беш сотих томорқада помидор парваришлаб, яхши даромад олдик. Помидор ҳосили тугаши билан шолғом ва кади экканмиз. Мана энди уларнинг ҳам ҳосилини йиғиб оляпмиз. Йил бўйи меҳнатдан тўхтамаймиз. Шу ишнинг ортидан оиламиз фаровон.

Бугун бозорларимизда сархил мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотларининг мўл-кўллигида аввало шахсий томорқа эгаларининг улуши катта. Биргина Қашқадарё мисолида олсак, жорий йилнинг дастлабки 9 ойида ҳудудда етиштирилган картошканинг 72, сабзавотларнинг 62, меваларнинг 40, узумнинг 50 фоиздан ошиғи томорқачиларнинг ҳиссасига тўғри келади. Картошкачиликда Шаҳрисабз тумани томорқачилари илгарилаб кетган бўлса, узум етиштиришда китоблик боғбонларнинг олдига тушадигани йўқ. Ўтган йилда вилоятда жами 112700 тонна узум ҳосили олинган бўлса, шунинг 47479 тоннаси Китоб туманида етиштирилган.

– Ҳудудимиз иқлим-шароити узумчилик учун жуда қулай, – дейди туманнинг Қайнар қишлоғида яшовчи Нодира Муродова. – Биз ҳам 20 сотих томорқада токзор ташкил қилганмиз. Бу ердан ҳар йили 5 тоннадан ортиқ сара узум оламиз. Маҳсулотнинг ярмини янгилигида бозорга чиқарсак, қолганини қуритиб майиз қиламиз. Йилига бир тоннадан ортиқ майиз тайёрлаб сотамиз. Рўзғор учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ўзимиз томорқада етиштирамиз. Товуқ, қўй, сигир боқамиз. Йил бўйи хонадонимиздан барака узилмайди. Буларнинг барчаси, албатта, меҳнатимиз ортидан.  

Ҳа, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик. Бунга ер билан тиллашиб, ҳалол меҳнат ортидан ризқ ундираётган Малоҳат ая ва унинг фарзандлари ёрқин мисолдир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?