Тўй харжида юзта бой япон — бир камбағал ўзбекча йўқдир

17:59 20 Ноябрь 2025 Жамият
269 0

Севимли шоиримиз Эркин Воҳидов бугунги дабдабали тўйларимиз, ҳою-ҳавасга берилиб, ўзимизни ташвишга қўяётганимиздан хавотир олиб ёзган бу мисралари нақадар ҳақиқат. Гарчи бу ҳақда кўп гапирилган, кўп ёзилган бўлса-да, сунъий ҳашам, ортиқча сарф-харажатлар, қудалар ўртасидаги ҳаддан зиёд совға-саломлар, маъракалардаги исрофга йўналган “мусобақа”лар ҳалиям тугагани йўқ.

Ўрта Чирчиқ туманидаги “Қорасув” маҳалласида содир бўлган воқеа ҳам бу муаммо қанчалик газаклаб кетганини кўрсатади. А. Ғ. исмли йигит ўтган ҳафтада никоҳ тўйи муносабати билан ҳовлиси қолиб, кўчани турли парда ва сунъий гуллар, безакли арклар билан тўсиб қўйди. Башарти, ҳаммаси маромида бўлганда, маҳалла аҳли миннатдорликда давом этарди. Аммо ҳашамга ўч ва орзу-ҳавасини жиловлай олмаган йигит кўчанинг – йўлнинг қатнов қисмининг ярмигача арк ясатиб, транспорт воситалари ҳаракатига ноқулайлик туғдирди. Айниқса, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида маҳалла аҳлининг фаоллиги ва уюшқоқлиги самараси ўлароқ яқинда асфальтланган кўчага қозиқлар қоқилиб, унга жиддий зарар етказилгани маҳалладошлари дилини ранжитди. Масъул мутасаддилар, бошқа жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла фаолларининг даъвати, нуронийларнинг насиҳати орқали тўй безаклари маромига солинди. Тўй эгалари эса тартибга, маъёрга чақирилди.

Нурафшон шаҳрида бўлган жуда оддий, ортиқча сарфсиз тўй эса ҳаммани қувонтирди.

– Яқинда набирамни уйлантирдик. Никоҳ тўйига бағишланган базм ташкил этилмади, – дейди “Нуроний” жамғармаси Нурафшон шаҳри бўлими раҳбари, Халқ депутатлари Нурафшон шаҳри Кенгаши депутати Жўра Аҳмедқулов. – Бу етишмовчилик ёки бошқа сабабданмас, ихчам тўй билан ҳам, умуман тўй базмисиз ҳам бахтли оилага асос солиш мумкинлигини амалда кўрсатдик. Никоҳ тўйи базми ўрнига хонадонимизда кичик маросим ўтказилди. Келин узатиб келган қудаларимиз уйимизда меҳмон бўлди. Базм қатнашчилари юз кишига ҳам етмади. Тўйдан иқтисод қилинган маблағ келин-куёвнинг хориж саёҳати учун ажойиб сармоя бўлди. Набираларим бахтли ҳаёт кечиряпти.

Яна бир оғриқли масала. Тўй санаси тўй эгалари хоҳишига кўра эмас, балки “санъаткорнинг бўш кунига қараб” белгиланаётганидир. Фонограммада икки-уч қўшиқ айтиб, осмонга чиқарилган ҳақ талаб қилиш, тўйнинг мазмуни эмас, қайси артист келганига қараб баҳолаш, миллий куй-қўшиқлар ўрнига бегона мусиқаларнинг шовқини бу соҳадаги тартиб қанчалик издан чиққанини кўрсатади.

– Тўйга артист чорлаш ҳаммамиз учун оддий туюлиши мумкин, аслида эса ҳозирги тўйлардаги энг долзарб масалалардан биридир, – деди Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани Кенгаши депутати Раъно Жуманова – Афсуски, “бирров”чи артистларнинг “бўш куни” инобатга олиниб, тўй куни белгиланади. Агар белгиланган бўлса, бир неча кун ё ҳафтага сурилади. Бироқ тўйга келиб, “тоққа чиқмай дўлана тергандек” хизмат ҳақи олиши ноинсофсизликдир. Ҳозир фонограмма орқали қўшиқ айтиш санъаткорлар учун уят бўлмай қолди. Ёшлигимиздаги тўйларда бир санъаткор келиб, жонли ижрода тўйнинг бошидан охиригача хизмат қилганига гувоҳ бўлганмиз. Фонограмма орқали янграётган қўшиқларда на маъно, на савия бор.

Тўйларда ўрни қолмаган, аммо “анъана” деган ном билан сақланиб келаётган айрим маросимлар – “чорлари”, “ҳафталик”, “келинсалом” каби удумлар ҳам кўп оилалар учун ортиқча юкка айланган.

– Тўй, маърака ва оилавий маросимларни белгиланган чекловлар асосида тўй ошларини икки томон келишган ҳолда бир кунда битта тўйхонада ўтказиш тавсия этилмоқда. Бу катта миқдордаги исрофгарчиликларнинг олдини олади, – дейди Паркент тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Марғуба Иноятова. – “Қадриятлар қадр топган оила” мавзусидаги тарғибот ва тушунтириш тадбирларини ҳам ўтказиб келмоқдамиз. Бу орқали жамиятда миллий қадриятларга ҳурмат, меҳр-оқибат ва бирдамлик руҳини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. “Маромийлик марафони” давомида тўй ва маросимларда ортиқча дабдабадан воз кечиш, тежамкорлик ва маънавий қимматга эътиборни ошириш учун “Тўймисан, тўй бўлди!” шиори остида намунали тўйлар ташкил этиш режалаштирилган. Бундай тўй эгаларига “Ибратли оила” кўкрак нишони топширилади.

Мамлакатимизни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилаётининг туб замирида турмушимиз фаровонлигини таъминлашдек эзгу ғоя мужассам. “Маромийлик марафони” доирасида ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида аҳолини исрофгарчиликларга йўл қўйилмасликка даъват этилмоқда, зарур ҳолатда қатъий чоралар кўрилмоқда. Зотан, тўй – шунчаки оилавий маросим эмас, миллий қадриятдир.

Отабек ИСРОИЛОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер