«Тилда, фикрда, ишда бирлик» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

16:50 19 Февраль 2025 Маданият
508 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Президентимиз ташаббуси билан 2024 йил 1 январдан бошлаб чоп этилаётган «Жадид» газетаси ўтган қисқа даврда ўз ўқувчиларини топишга улгурди. Бу бежиз эмас, албатта. Мазкур нашр жонажон Ватанимизни севган, унинг тараққиёти ва порлоқ келажаги учун ўзини дахлдор сезган ҳар бир юртдошимиз, маърифатпарвар аждодларимизга муносиб издош бўлишга интилаётган жасоратли зиёлиларимиз учун минбарга айланиб бормоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Газета саҳифаларида жадидларнинг миллатни ислоҳ этишга оид ғоялари, асарларидан намуналар, шунингдек, «Давр руҳи», «Ойина», «Жамият», «Замон жадидлари», «Таклиф», «Мулоҳаза», «Тамаддун», «Боқий мерос», «Фикр майдони» каби рукнлар остида таниқли сиёсатчилар, социологлар, адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар, публицистлар, олимлар, тарихчиларнинг илмий-оммабоп мақолалари бериб борилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Албатта, ҳар бир нашрнинг ўз ривожланиш йўли, мамлакатимиз равнақида ўз ўрни бор. «Жадид» газетаси эса матбуотни «бутун дунёдаги маданий миллатларнинг ҳаёт йўллари, оламдаги даражалари ҳамда инсоният тараққийсининг энг юқори поғонасига эришмоқ учун лозим бўлган саъй-ҳаракатлари тўғрисида бир-бирлари билан маслаҳат ва кенгаш қилмоқ учун бағоят зарур бир восита», деб билган жадид боболаримизнинг эзгу анъаналарини давом эттиришга интилаётган нашр сифатида медиа майдонида юз кўрсатди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида чуқур ислоҳотлар амалга оширилар экан, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлашга жиддий эътибор берилмоқда. Оммавий ахборот воситалари оммага юртимиздаги тарихий янгиланишларни рўйирост кўрсатадиган, турли соҳаларда мавжуд камчилик ва муаммоларни холисона таҳлил қилиб, уларнинг ечимларини берадиган фикр ва қарашлар, талқинлар кураши майдонига, жамият юзига тутилган кўзгуга айланиб бормоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

«Жадид» газетаси ана шу қизғин жараёнда халқимиз ойдинларининг мустабид тузум замонида илгари сурган ғоялари, истиқбол режаларига урғу қаратиб қолмай, юртимизда рўй бераётган бугунги ўзгаришларнинг маъно-моҳияти ҳамда аҳамиятини ўзига хос усул ва услубда ёритишга ҳаракат қиляпти.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

«Тилда, фикрда, ишда бирлик!» китобида таҳририят жамоасининг бир йиллик фаолияти сарҳисоби ўлароқ нашр саҳифаларидан жой олган энг сара мақолалар, табриклар, дил сўзлари, жозиб шеърлар, кичик тадқиқотлар, таҳлиллар, таққослар, талқинлар жамланди. Шу маънода, тўпламга киритилган материалларни газетада чоп этилган ижодий ишларнинг қаймоғи, дейиш мумкин.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Китоб ўзига хос кўркам дизайн ва кўринишга эга бўлиб, тезда ўқувчилар эътиборини тортади. Миллий анъаналарга ҳамоҳанг безаклар, рангли фотосуратлар унинг сийратини янада бойитган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тўпламнинг илк саҳифаларидан давлатимиз раҳбарининг «Жадид» газетаси жамоаси ва муштарийларига йўллаган табриги жой олгани унинг аҳамияти ҳамда нуфузини янада оширган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

ХХ аср бошларида халқимизни озодлик учун курашга чорлаган, Ватан истиқболи йўлида жон фидо қилган боболаримиз ҳаёти ҳамда фаолиятини чуқур ўрганиш, кенг тарғиб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган янги Ўзбекистонда «Жадид» газетаси чоп қилиниши, шунингдек, таҳририят жамоаси меҳнатлари маҳсули ўлароқ дунё юзини кўрган «Тилда, фикрда, ишда бирлик!» китоби ҳозирги таҳликали, онгу қалбга қаратилган ахборот хуружлари авж олган замонда бебаҳо қиймат касб этади. Ушбу лойиҳалар халқимизни маънавий уйғоқликка чорлаш, ватанпарвар, миллатсевар авлодни камолга етказишга катта ҳисса қўшади.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Шу йилнинг 19 февраль куни «Жадид» газетасида чоп этилган сара мақолалар асосида тайёрланган «Тилда, фикрда, ишда бирлик» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда дипломатик корпус вакиллари, жадидшунос олимлар, атоқли адиб ва публицистлар, санъат вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тадбир доирасида жадидлар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоблар, тасвирий санъат асарлари кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистон давлат драма театри репертуаридаги «Туркистон болалари» спектаклидан парча йиғилганларга тақдим қилинди.

Тадбир якунида «Жадид» газетаси томонидан ўтказилган «Муштарийлар эътирофи» танлови ғолиблари тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?