Тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажми 2 бараварга оширилиб, 6 млрд долларга етказилади

12:52 30 Май 2023 Сиёсат
830 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Юртимизда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятларни ишга солинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ўзиниг сайловолди дастурида маълум қилган.

Бунинг учун, 2030 йилга қадар:

оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш;
онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса, 2,5 баробар камайтириш асосий вазифа бўлади.
Бунда:

120 минг нафар онкология, 350 минг нафар диабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморлар тўлиқ қамраб олинади;
“Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади;
“туберкулёз” билан касалланиш даражаси юз минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтиришга эришилади.
Шу билан бирга, келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади.

Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, мамлакатда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади. Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.

Туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатиш келгуси йилларда ҳам давом эттирилади.

Соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади. 

2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажми 2 карра оширилиб, 6 миллиард долларга етказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?