The Scorpion from the Altar. Ёхуд “Меҳробдан чаён” романи инглиз тилига қандай ўгирилди? Таржимон билан суҳбат

Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг 125 йиллигига бағишлаб юртимизда турли бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Адибнинг миллатпарварлик, ватанпарварлик руҳи билан ёзилган бетакрор асарлари хорижий тилларга таржима қилинмоқда.
“Меҳробдан чаён” романини инглиз тилига ўгирган Илҳом ТЎХТАСИНОВнинг Абдулла Қодирийнинг тил ва услуби, ижодий маҳорати, асарларида илгари сурилган ғоялар ҳақида фикр-мулоҳазаларини ёзиб олдик.
— Мамлакатимизда ёшлар орасида китобхонликни оммалаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда, — дейди И. Тўхтасинов. — Улар орасида ўзбек адабиётининг сара намуналарини ёшлар орасида тарғиб этиш ва уларни хорижий тилларга таржима қилиш ишлари алоҳида эътиборга молик.
“Меҳробдан чаён” ўзбек халқининг яқин ўтмишини акс эттирган, миллий руҳда ёзилган романдир. Ўқиган инсонда чуқур таассурот уйғотади. Бугун Президентимиз ташаббуси билан миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимлаётган мамлакатимизда бу каби етук асарларнинг аҳамияти беқиёс.
Айни шу жиҳатлар ҳисобга олиниб, шу билан бирга, ушбу роман тарғиботини янада кенгайтириш мақсадида уни таржима қилишга киришдик. Қодирий давридаги тил мураккаб бўлганлиги боис таржима жараёнида қийинчиликларга дуч келмасликнинг иложи йўқ. Сабаби, “Меҳробдан чаён”да учрайдиган лексик бирликларнинг баъзилари ҳозирда эскирган, бугунги она тилимизда ишлатилмайди. Қолаверса, баъзи тушунчаларга ҳам атрофлича изоҳ беришга тўғри келди. Бунда Ўзбек тилининг изоҳли луғати, Ўзбекистон Миллий энциклопедияси бизга таянч манба бўлди.
Таржима китоб ҳолида нашр этилиб, тез кунларда ўқувчиларга тақдим этилади. Сотувга ҳам чўнтакбоп нархда чиқаришни режалаштирганмиз. Ўйлаймизки, ушбу китоб ёш таржимонлар, инглиззабон ўқувчилар, айниқса, тил ўрганувчилар эътиборидан четда қолмайди. Улар нафақат бадиий китоб мутолаасидан завқ олиши, балки таржима назариясига оид билимларга эга бўлишига умид қиламиз. Боиси асарда нафис ўхшатишлар, қочиримлар, киноялар, ўзбек тилигагина хос иборалар борки, уларни асли каби таржима қилишда тилмочдан юксак маҳорат талаб этади. Бу жиҳатларни синчковлик билан назардан ўтказиш ёш таржимонларга қўл келиши аниқ.
Бугунги кунда ўзбек таржимашунослиги янги босқичда ривожланмоқда, десак муболаға эмас. Сабаби яқин-яқингача хорижий тиллардан ўзбек тилига ёки ўзбек тилидан хорижий тилларга адабиётлар рус тили орқали таржима қилинган. Ҳозирги кунда эса бебаҳо асарларимиз ўзбек тилидан хорижий тилларга, хусусан, инглиз, француз, корейс, рус, хитой ва бошқа тилларга тўғридан-тўғри таржима қилинмоқда. Бу, албатта, қувонарли ҳол. Чунки аслиятдан қилинган таржималарда миллийлик, она тилимиздаги бўёқдорлик, халқимизнинг урф-одат ва анъаналари янада аниқроқ, яққолроқ намоён бўлади. Биз таржимон ҳамкасбларимиз билан шу кунгача Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Ойбекнинг “Навоий”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асарларини инглиз тилига таржима қилдик ва нашр этишга муваффақ бўлдик. Келгусида ўзбек адабиётининг сара намуналари бўлмиш “Кеча ва кундуз”, “Юлдузли тунлар”, “Ҳумоюн ва Акбар”, “Дунёнинг ишлари” каби асарларни ҳам хорижий тилларга ўгириб, чоп қилишни режалаштирганмиз. Зеро, таржима халқлар ўртасидаги адабий кўприкдир, десак янглишмаймиз.
Юлдуз ЎРМОНОВА
(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Доллар курси тушишда давом этмоқда
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг