Термиз шаҳрига ҳам янги ҳоким тайинланди

12:48 23 Май 2025 Сиёсат
171 0

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Шарофиддин Усанович Лолаев Термиз шаҳри ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 23 май куни Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилган. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, шаҳарни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар, келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритган.

Шунингдек, сессияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилган: Термиз шаҳри ҳокими Ўктам Исмоилович Тўраев бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод қилинган. Шундан сўнг вилоят раҳбари таклиф этган номзод – Шарофиддин Усанович Лолаев депутатлар томонидан Термиз шаҳри ҳокими этиб тасдиқланган.

Сессияда вилоят раҳбари янги ҳокимга Термиз шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш юзасидан вазифаларни юклади ҳамда янги лавозимдаги фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Маълумот учун, Шарофиддин Лолаев 1987 йилда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган. 2015 йилда Термиз давлат университетини бакалавр, 2021 йилда магистр даражасини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Сурхондарё вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бўлим бошлиғи, бош инспектори, биринчи ўринбосари, шунингдек, Денов тумани ва Термиз шаҳар ҳокимининг ўринбосари каби масъулиятли лавозимларда ишлаган. Тайинловга қадар Сурхондарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бошлиғи вазифасида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Абдумўминович Маматқулов Сурхондарё вилоятининг Музработ туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?