Термизда кураш бўйича халқаро турнирнинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Фото: Ҳасан Пайдоев ("Халқ сўзи")
Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XV халқаро турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан бу йил ушбу халқаро турнир ўн бешинчи маротаба ташкил этилди.
Чорлов садолари остида майдонга спорт делегациялар ўз байроқлари билан кириб келишди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ўн учинчи халқаро турнир мусобалари очиқ, деб эълон қилинди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон, Сурхондарё вилояти ҳокими Т. Боболов нуфузли мусобақа қатнашчилари ва кураш ишқибозларини қизғин қутлашди. Кўп йиллик тарихга эга ўзбек кураши ҳозирда дунё спорти сифатида ўз эътирофини топгани ҳамда ер курраси бўйлаб кенг оммалашаётгани мамнуният билан таъкидланди.
Қайд этилдики, айни пайтда Осиё, Европа, Панамерика, Африка ва Океания кураш конфедерацияси фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларга 120 дан ортиқ давлат аъзо. Мазкур спорт тури бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юқори савияда ташкил этиб келинаяпти. Жаҳон ареналарида “ҳалол”, “чала”, “ёнбош”, “ғирром”, “дакки” каби соф ўзбекча сўзлар жаранглаётгани биз учун чинакам фахрдир.
1998 йил 6 сентябрда таъсис этилган Кураш халқаро ассоциацияси ҳозирда сайёрамизнинг бешта қитъасидаги 129 та миллий федерацияни бирлаштирган.
2017 йил Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида “Кураш” миллий спорт тури тарихда илк бор ХVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. Ўзбек курашини 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз ва дунёда курашнинг кенг оммалашишида 1993 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказилиб келинаётган Ал-Ҳаким ал-Термизий хотира турнирнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Ўтган йиллар давомида ушбу турнир мусобақалари дунё полвонларини бир даврада жамлаш билан бирга ёш, умидли полвонлар маҳоратини ошириш, уларни янги марралар сари сафарбар этишда муҳим аҳамият касб этди.
Спорт – дўстлик, бирдамлик рамзи. У халқларни, дилларни бирлаштиради. Кишиларда маъанавий-аҳлоқий сифатларни шакллантиради. Ҳалоллик, рақибга ҳурмат, дўстона муносабатни ўзида мужассамлаштирган курашга сайёрамизнинг турли қитъаларида спортсеварларнинг қизиқиши ортаётганининг боиси ҳам шунда.
Халқаро расмий очилиш маросимидан сўнг, санъат усталари ва ёш ҳаваскор ижрочилари, фольклор жамоалар иштирокида намойиш этилган концерт дастури хорижлик меҳмонлар , шунингдек, Сурхондарё вилоятининг олис ва яқин ҳудудлари, республикамиз вилоятлари, ҳаттоки қўшни давлатлардан келган кураш ишқибозларига байрамона кўтаринки кайфият улашди.
Айтиш жоизки, мазкур турнирда эркаклар -60, -66, -73, -81, -90 килограмм ҳамда мутлақ, аёллар эса -48, -57, -63, -70, +70 килограмм вазн тоифасида ўзаро беллашади.
Ал-Ҳаким ат-Термизий халқаро турнирининг умумий мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этади. Ҳар бир вазн тоифасида ғолибларга 3 минг АҚШ доллари, иккинчи ўринни эгаллаган спортчиларга 2 минг АҚШ доллари, учинчи ўрин соҳибларига эса 1 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари берилади.
Мутлақ вазнда ғолиб бўлган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10 минг АҚШ долларига сазовор бўлади. Иккинчи ўрин соҳиби 5 минг, иккита учинчи ўриндан жой олган полвонлар 3 минг 500 АҚШ долларидан мукофотланади.
Мусобақа жараёнларини ёритишда давом этамиз.
Илҳом Раҳматов, Ҳасан Пайдоев (суратлар),
“Халқ сўз” мухбирлари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг