«Ташқарига чиққанда ниқоб тақинг»: «Ўзгидромет» Тошкент ва Андижон шаҳарлари аҳолисини огоҳликка чақирди

12:20 11 Ноябрь 2025 Жамият
278 0

Тошкент ва Андижон шаҳарларида ҳаво сифати ёмонлашгани сабабли аҳоли эҳтиёт чораларини кўришга чақирилди. Бу ҳақида Гидрометеорология хизмати агентлиги хабар берди.

Унда айтилишича, бугун, 11 ноябрь куни автоматик мониторинг станцияси маълумотларига кўра, Андижон автоматик станциясида соат 10:00 атмосфера ҳавосидаги PM10 майда заррачаларининг миқдори 502 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу кўрсаткич соатлик рухсат этилган меъёрдан 1,0 баробар ошган.

Шунингдек, PM2,5 майда дисперсли заррачаларининг таркиби 314 мкг/м3 ни ташкил этган ва соатлик рухсат этилган меъёрдан 8,9 баробар кўпайган.

Бундан ташқари, соат 09:00 ҳолатига кўра атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматик станциялари маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги PM10 майда дисперсли заррачаларнинг миқдори 189 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу эса рухсат этилган меъёрлардан (РEМ) (300 мкг/м3) ошмаган.

PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 143 мкг/м3 ни ташкил этди, рухсат этилган меъёрлардан (60 мкг/м3) 2,4 марта ортган.

«Тошкент ва Андижон шаҳри аҳолиси ҳамда меҳмонларидан эҳтиёт чораларини кўришларини сўраймиз. Очиқ ҳаводаги фаолиятларини қисқартиришлари, ташқарига чиққанда ниқоб тақишларини тавсия этамиз», — дейилади «Ўзгидромет» огоҳлантириш хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?