“Tashkent book fest – 2019” 1-Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади

Кеча “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бир қатор манфаатдор вазирлик, идоралар билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган “Tashkent book fest – 2019” 1-Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов, Қозоғистон маданият ва спорт вазирлиги тил сиёсати қўмитаси раиси Галимжан Мельдешов, Россия китоб ноширлари ассоциацияси президенти Константин Чеченовлар сўзга чиқди ва иштирокчиларни табриклади.
Комил Алламжонов тадбир иштирокчилари ва хорижий меҳмонларни китоб кўргазма-ярмаркаси иш бошлагани билан қутлаб, мамлакатимизда ахборот, ноширлик, матбаачилик соҳаларини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, айниқса, ёшларимизнинг китобга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида қайд этди.
Кўргазма-ярмарканинг илк кунида миллий адабиётимизнинг ёрқин намояндаси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг аудио талқини тақдимоти бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати шундаки, асар ҳеч қандай таҳрир ва ўзгартиришларсиз, адиб қаламига мансуб матн асосида овозлаштирилган. “Novda Edutainment” ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилган аудиороман давомийлиги 17 соату 36 дақиқа. Асар 2 ой давомида 57 нафар малакали актёр ва овоз усталарининг тинимсиз меҳнатлари самарасида бугун китобсеварларга тақдим этилди.
Кўргазма-ярмарка доирасида, шунингдек, болалар майдончасида интеллектуал викторина, ёрма ва уруғлар ёрдамида апплекациялар ясаш, Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган мушоира, “Заковат” савол-жавоблар танлови, Иброҳим Ғафуровнинг “Меҳр қуёши” асари тақдимоти, Германиядаги немис-ўзбек илмий жамияти раиси, Ўзбекистон немис тили ўқитувчилари ассоциацияси раиси, профессор Хуррам Рахимовнинг Ака-ука Гриммлар “Олтин сочли болалар” китоби тақдимоти ва яна бир қатор театр саҳналари, совринли танловлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, нодир китоблар тарихи билан боғлиқ “Абру-баҳор” санъати йўналиши, “Саҳҳофлик” (муқовасозлик) китобларни безаш санъати ва реставрация, хаттотлик, миниатюра санъати, Самарқанд ипак қоғозини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Кўргазма-ярмаркада 16 мамлакатдан ноширлик ва китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек, юртимиз нашриётлари, босма нашрлари ва китоб дўконлари иштирок этишди.
Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси 4 октябрга қадар давом этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг