Тарихга қизиқувчилар учун муносиб туҳфа

15:53 23 Ноябрь 2019 Маданият
1340 0

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтида Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихига оид янги нашрлар тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, АҚШ, Франция, Австрия, Германия олимлари изланишлари натижасида яратилган “Марказий Осиё ўрта асрлар ва янги даврда: жамият, маданият ва тарих” номли теран илмий асар тақдимоти билан бошланди. Ушбу асар Тарих институти ҳамда Австрия Фанлар академияси Эроншунослик институти илмий ҳамкорлигида тайёрланган бўлиб, унда турли тарихий даврлар ва муаммолар билан шуғулланувчи, қатор илмий мактабларга мансуб олимларнинг минтақамиз, хусусан, мамлакатимиз тарихига оид тадқиқотларининг энг сўнгги натижалари мужассамлашган мақолалари жой олган.

Шунингдек, “Ўзбекистонда тарих фани: муаммолар ва ривожланиш истиқболлари” асари ёш тадқиқотчилар ва етакчи тарихчи олимларнинг тарих фанида ўзига хос сарҳисоб вазифасини бажарувчи таҳлилий мақолаларини ўз ичига олган.

Ҳозирги пайтда ҳудудларда тарихий изланишларни кучайтириш мақсадида “Самарқанд”, “Хоразм”, “Қўқон” ўқишларини ўтказиш ташкил этилди. Бугун жамоатчилик эътиборига тақдим қилинган “Хоразм тарихи” асари янги хулосалар ва маълумотларни мужассамлаштирган мақолалар мазмунидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилгандир.

Қолаверса тақдимоти бўлиб ўтган “Ўзбекистон тарихининг ўзак қарашлари: назария ва фаразлар” асари, “Туркистонга оид Россия тарихшунослиги: замондошларнинг тарихий қарашлари” китоби илмий жамоатчилик, мутахассислар, минтақамиз тарихига қизиқувчилар учун муносиб туҳфадир.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?