Тараққиёт кадрлар салоҳиятига боғлиқ

18:40 01 Февраль 2023 Жамият
920 0

Фото: Халқ сўзи

«Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ташаббуси билан Навоий шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида «Муҳандис кадрлар тайёрлаш, шу жумладан, кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар» мавзусида Матбуот анжумани ташкил этилди.

Очиғи, бугунги кунда «НКМК» АЖнинг кўп минг кишилик жамоаси сафида меҳнат қилиш истагидаги ёшларни нафақат Навоий вилояти, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳам кўплаб учратиш мумкин. Бошқачароқ айтсак, корхона 2017-2022 йилларда 14 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратган бўлсада, бирор муддат мутахассис кадрлар тақчиллигини ҳис этган эмас. Аксинча, танлаб ишга олиш имкони устувор тутилиб, бу борада шаффоф тизим яратилган.

Корхонанинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Холмамат Раупов кадрлар сиёсатидаги мезонларга тўхталаркан, иқтисодий барқарорликнинг асосий омили мутахассислар салоҳияти туфайли эканлигини таъкидлади.

— Энг қолоқ мамлакат ҳам илғор технологияга эга бўлиши мумкин, — деди Х. Раупов. — Лекин уни ишлатиш ва такомиллаштириш салоҳиятига эга кадрлари бўлмаса, тараққиётга эриша олмайди. Давр шиддати бугун ҳамқадамликни эмас, балки олдинроқда юришни тақозо этиб, мамлакатимиз Президенти Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ёшларимизнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун муҳандислик мактабларини ташкил қилиш, янги замон инженерларини тайёрлаш тизимини яратиш, бу ишларни нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб бориш вазифаларини белгилагани боиси ҳам шунда.

Анжуманда «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖнинг мамлакатимиз иқтисодиётида тутган ўрни, корхона салоҳияти, дунё кончилигидаги нуфузи хусусида сўз юритилиб, кадрларни танлаш билан бирга уларга ўз имконият ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун яратилган шарт-шароитлар, мутахассислар селекцияси ва тадбир мавзусига оид йўналишларга эътибор қаратилди.

— Биринчи устувор йўналиш - бу комбинатга олий маълумотли кадрларни тайёрлаш бўйича олий ўқув юртлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилишидир, — дейди АЖ кадрлар бошқармаси бошлиғи Отабек Раҳматов. — Хусусан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё технологиялар институти ва бошқа бир қатор ОТМлар билан ўзаро ҳамкорлик туфайли корхонамизга ёш мутахассисларни талабалик пайтидаёқ танлаб, уларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашини таъминлаймиз.

Шунингдек, ўрта бўғин кадрларини тайёрлашда ҳам Зарафшон саноат техникуми, Учқудуқ кончилик техникуми, Навоий шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази билан шу каби ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ҳар бир мутахассис 80-85 фоиз амалий кўникмага эга бўлишига эришамиз.

Ваниҳоят, сўнгги йўналиш комбинатнинг ўзида кадрларни тайёрлаш, касбга ўқитиш ва малакасини ошириш, ходимларнинг стажировка ўташлари ҳисобланади. Шу мақсадда бугунги комбинатда 5 та ўқув маркази фаолият юритиб, уларда биргина ўтган йили 15 минг 51 нафар ишчи-ходимнинг белгиланган ўқув дастурлари ва режалари бўйича ўқитилиши таъминланди. Кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, олий таълим муассасаларида талабаларнинг ўқиши учун 2022 йилда 12 095, 0 млн. сўм маблағ сарфланди.

Тадбирда журналистларнинг ОТМ битирувчиларини ишга қабул қилиш тартиби, янгидан барпо этилаётган «Пистали» кони ва 6-ГМЗга кадрларни танлаш мезонлари хусусидаги саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

— Корхонамизда ишга қабул қилайликчи, ўрганиб кетар, деган мезон йўқ. Биз ишга қабул қилган мутахассисларга меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини 15 кун мобайнида (илгари уч кун эди) ўргатамиз, холос, — дейди О. Раҳматов. — Тўғри, тажрибали мутахассисларга шогирд бўлиб бириктирилади.

«Пистали» кони ва 6-ГМЗга кадрларни танлаш масаласига келсак, маҳаллий кадрларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Нурота тумани ҳокимлигининг тавсияси асосида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролардан 300 нафардан ортиғи танланиб, тайёрланмоқда.

Анжуманда корхонанинг кадрлар сиёсатидаги 2023 йил режалари хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?