Тарағай ғорига саёҳат

15:25 09 Апрель 2025 Жамият
98 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Чироқчи туманининг Тарағай қишлоғи Ҳисор тоғ тизмалари бағрида, денгиз сатҳидан бир ярим минг метр баландликда жойлашган. Тўрт томондан баланд тоғ қоялари билан ўралган бу гўшанинг сўлим табиати кишини ўзига мафтун этади. Қишлоқнинг «Тарағай» дея аталиши бежиз эмас. Ривоятларга кўра, Амир Темурнинг падари бузруквори Тарағай баҳодир шу жойда туғилган. Соҳибқироннинг болалиги ҳам шу ерларда кечган. Қишлоқда Амир Темур ва темурийлар ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ манзиллар кўп. Улардан энг асосийси Тарағай тоғларидаги «Дунётепа», «Фармонтош» ёдгорликлари ҳамда Амир Темур ғоридир. Қишлоқдан тоғ чўққисига қараб, Амир Темур ғори сари бораркансиз, дастлаб «Дунётепа»га дуч келасиз.

— «Дунётепа» Амир Темур давлатида муҳим ҳарбий-стратегик манзил бўлган, — дейди қишлоқ фаолларидан бири Маҳмадиёр Нурматов. — Аскарлар бу ердан ён-атрофни кузатиб турган. Чунки ушбу тепаликдан атрофдаги манзиллар кафтдек кўриниб туради.

Тепаликдан узоқларга назар ташладик. Анча наридаги сойлик узра чўзилиб ётган «Қалқама» сув омборидан тортиб, ўн беш-йигирма чақирим узоқликдаги қишлоқлар ҳам аниқ кўриниб турибди. Буни кўриб буюк бобокалонимизнинг бу жойни бекорга танламаганлиги, топқирлиги, ҳарбий маҳоратига тан бердик. Шу ерда «Амир Темур ва икки олим» ҳайкали ҳам бор. Бу ҳайкаллар 1996 йилда маҳаллий аҳоли ёрдамида пастликдаги сойдан тупроқ, шағал олиб чиқиб ясалган. «Дунётепа»дан сал баландроқда аҳоли «Фармонтош» деб атайдиган яна бир ёдгорлик бор. Амир Темур болалигида тенгдошлари билан шу ерда ўйнар, катта харсанг тошнинг устига чиқиб, қолганларга фармон беришни яхши кўраркан. Бу тарихий манбаларда ҳам мавжуд. Чунки кейинчалик ушбу тошни француз сайёҳлари харита орқали қидириб топиб, қишлоқ аҳлига кўрсатган. Шундан буён ушбу тош «Фармонтош» деб аталади.

Биз «Фармонтош»дан ҳам ўтиб, ғор сари одимлаймиз. Йўлнинг қолган қисмида шу қишлоқлик Жавоҳир исмли йигит бизга ҳамроҳлик қилди. Қанча қоятошларга тирмашиб, туби кўринмайдиган жарликларнинг лабидаги илонизи сўқмоқлардан юрак ҳовучлаб ғорга етиб келдик. Баланд қоя устидаги ғорни билдирадиган ёдгорликка кўзимиз тушдию, ўзимизни ерга ташладик. Бироз дам олгач, ғор оғзи жойлашган тепаликка тирмашиб чиқдик. Аммо бу ҳали ғорнинг ўзи эмас экан.

— Бу ғорнинг айвони, — дейди Жавоҳир. — Ғорга бориш учун шу ердан қоянинг нариги томонига ўтишимиз керак. Кейин яна бироз пастга тушилади.

Кичик ғор тахминан 10-15 метр узунликдаги туйнук экан. У орқали қоянинг нариги томонига ўтиб олдик. Яна уч-тўрт метр баландликдан пастга тушишимизга тўғри келди. Чунки ғорнинг оғзига бориш учун баланд қоянинг қирраларига осилиб пастга тушиш керак. Салгина қалтис ҳаракат қилсангиз, тубсиз жарлик томон қулашингиз ҳеч гапмас. «Фонарь»ларни ёқиб, кичик туйнукдан ичкарига кирдик. Ғор оғзи жуда тор, ундан ўтиб олгач, уч-тўрт метрга эмаклаб юрдик. Кейин ғор ичи бирдан кенгая бошлади. Чамаси қирқ-эллик метрлар юрганимиздан сўнг пастга қараб бораётганимизни ҳис қилдик. Ҳаво жуда нам, нафас олиш қийин, оёғимиз таги лой ва сирпанчиқ. Яна бироз юрганимиздан сўнг бир нечта туйнукларга дуч келдик. Жавоҳир шу ердан ортга қайтишни таклиф қилди. Ғорнинг қолган қисми жуда тор ва пастга қараб юриш хавфли экан.

— Шу уч туйнукнинг биринчисидан борсангиз Кешдан, иккинчисидан борсангиз Самарқанддаги Шоҳи зиндадан чиқасиз, — дейди у. — Учинчисининг охири йўқ, яъни борса келмас. Албатта, бу ривоят, лекин ғорнинг охири қаердалигини ҳеч ким билмайди.

Ғордан чиқиб ортга қайтарканмиз, йўл қанчалик машаққатли бўлмасин, бу ерни кўриш учун келаётган одамлар кўплигидан хурсанд бўлдик. Уларнинг орасида талабалар, турли корхона ва ташкилотлар жамоалари, ҳатто оилавий келганлар ҳам бор. Франциялик бир гуруҳ сайёҳлар ҳар йили Тарағайга келиб, меҳмон бўлиб кетишади. Агар қишлоқда туризм инфратузилмаси яхшиланиб, зарур шарт-шароитлар яратилса, тоғ қиясидаги хавфли сўқмоқ йўллар бироз кенгайтирилиб, осон юриш имкони бўлса, бу ерлар ҳам сайёҳлар гавжум ҳудудга айланади.

Аслида ҳам худди шу мақсадда Тарағай қишлоғига 2021 йилда «туризм қишлоғи» мақоми берилган. Ҳудудга хорижлик ва маҳаллий туристларнинг оқимини кўпайтириш учун бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши режа қилинганди. Ўтган даврда бир қанча ишлар қилинди. Лекин бу ҳали етарли эмас. Айниқса, уй меҳмонхоналари, хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар ҳамон долзарблигига Тарағай ғорига қилган икки кунлик сафаримиз давомида яна бир бор амин бўлдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?