Такрорий экин — қўшимча даромад, тўкинлик манбаи

17:46 18 Июль 2024 Жамият
269 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятида бу йил ғалла ва эртаги экинлардан бўшаган 90,4 минг гектар ерга такрорий экин сифатида сабзавот, картошка, дуккакли ва озуқа экинлари экиш режалаштирилган. Айни пайтда 80 фоиздан зиёд майдонда такрорий экинлар экиб бўлинди.

— Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, такрорий экиндан вилоят бўйича 1 миллион 483 минг тонна ҳосил олиниши кутилмоқда, — дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Самад Саидов. — Унинг 325 минг 987 тоннаси ички бозорга, 82 минг 292 тоннаси экспортга ва 70 минг 595 тоннаси уруғлик ва захирага жамғарилади. Ҳосилни харид қилиш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш бўйича корхоналар билан келишувлар амалга оширилди, сақлаш омборхоналари ва қайта ишлаш корхоналари мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Оқдарё туманида жорий йилда ғалладан 9609 гектар ва эртаги экинлардан 38 гектар майдон бўшади. Туман деҳқон ва фермерлари бу ерларга тўлиқ такрорий экин экмоқда.

— Ушбу майдонларнинг 5203 гектари кластер ва фермер хўжаликлари ихтиёрида қолган бўлса, 3367 гектари фермер хўжаликлари ишчиларига, 1076 гектари ижтимоий дафтарларда турган фуқароларга берилди, — дейди туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Воҳидхон Муродов. — 210 гектар ерда сабзавот, 450 гектарда картошка, 4904 гектарда дуккакли ва 4083 гектарда озуқа экинлари экилмоқда. Кузда ушбу майдонлардан 4250 тонна сабзавот, 9 минг тонна картошка, қарийб 7,5 минг тонна дуккакли дон ҳосили олиниши кутилмоқда. Етиштирилган сабзавот ва картошка асосан ички бозорга йўналтирилса, дуккакли маҳсулотнинг 90 фоиздан ортиғи экспорт қилинади.

Туманнинг Амир Темур массивида ҳам 431 гектар ғалладан бўшаган майдонда такрорий экин экилмоқда. Ҳозир ҳудуднинг аксарият қисмида экин экилаётган бўлса, бошқа далаларда ер тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

— Хўжалигимизнинг сувли ва ғалладан бўшаган 10 гектар ер майдонига такрорий экин экяпмиз, — дейди «Парда бобо чорва омад» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Аюбжон Пардаев. — Ишчилар билан биргаликда 6 гектарга дуккакли экинлар экдик ва маҳсулотни харид қилиш борасида «Pichokchi dry fruits» МЧЖ билан шартнома туздик. Қолган 4 гектарни маҳалламиздаги вақтинча ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга ажратдик.

Шу маҳаллада яшовчи Суҳроб Темиров мактабни битиргач, 2-3 йил пул топиш учун турли ишларда ишлаб кўрди. Оиласининг ягона боқувчиси бўлган Суҳроб онасининг маслаҳати билан эрта баҳорда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ажратилаётган ер майдонидан олиш учун ариза топширганди. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 апрелдаги «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида маҳалла еттилиги тавсияси билан унга 47 сотих ер ажратилди.

— Баҳорда картошка экдим ва 15 тонна ҳосил олдим, — дейди С.Темиров. — Ҳосилнинг бир қисмини сотиб, оиламизга ишлатдим. Такрорий экинга ловия экдим. Чунки ҳосили яхши, харидори тайин. Ажратилган ер майдони биринчи йилдан турмушимизни яхшилашга хизмат қилмоқда. Авваллари иш қидириб узоқроққа кетганимда онам хавотирланиб ўтирарди, энди барчамиз ўз еримизда оиламиз фаровонлиги учун меҳнат қиляпмиз.

Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда аҳолига 7,5 минг гектар ер ажратилиб, 18,4 минг нафар фуқаро деҳқон хўжалиги ташкил этган. 2024 йилда 8,3 минг гектар ер майдони ажратилиб, 15,3 минг деҳқон хўжалиги ташкил этилди ва 30 мингта янги иш ўрни яратилди.

— Президентимизнинг 2024 йил 18 январда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, ҳар бир тумандан 100 гектардан вилоят бўйича 1,3 минг гектар ер захирага олиниб, «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали бир фуқарога бир гектардан ажратилди ва деҳқон хўжаликлари ташкил этилди, — дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси шуъба бошлиғи Тоҳир Дувланов. — Ушбу майдонларда «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида экспортбоп ҳамда серҳосил қишлоқ хўжалиги экинлари экилди.

Шунингдек, 7 минг гектар ер майдони ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга маҳалла еттилигининг хулосасига асосан «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ажратилди. Бу вилоятдаги 17 мингдан ортиқ ёшнинг даромадини ошириш ва бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу ер майдонларида 135 минг тонна маҳсулот етиштирилиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?