Табиатнинг дўсти кўп, душмани-чи?

15:11 15 Ноябрь 2024 Жамият
778 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкентлик Ҳалим Турдиевга ўз истиқомат қилаётган “Ўзбакон” маҳалласида табиат ошуфтаси, дея таъриф беришади. Бу гапда муболаға йўқ. Бир муддат хорижда ишлаб, дунё кўрган йигит тўрт йилча муқаддам мўъжазгина ўрмон барпо этиш мақсадини кўнглига тугди.

Ҳовлисининг шундоқ ёнида қаровсиз ётган тепалик бор. Шу тепаликдан 15 сотих ерни обод қилди. Нинабаргли арча, қарағай, каштан каби манзарали дарахт кўчатларини ўтқазди. Уларни суғориш муаммо эди. Идишда сув ташишига тўғри келди. Кўчатлар остини юмшатди. Зараркунандаларга қарши дорилади. Хуллас, ҳаловат билмади.

— Буни қарангки, тилу забонсиз ўсимликлар ҳам инсон меҳрини ҳис этаркан, — дейди қаҳрамонимиз. — Кўчатларим авж олиб ўсди. Кўриб турганингиздек, йўл ёқасида кичик бир ўрмонзор пайдо бўлди.

Ишнинг бароридан келганини кўрган Ҳалим ака тепаликнинг бир қисмида олма, ўрик каби мевали дарахт кўчатлари парваришига киришди. Узумзор ҳам барпо этяпти.

— Ҳалим Турдиевга ўхшаган табиат ошуфтаси бўлган фидойи инсонлар жуда кўп, — дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси Жаҳонгир Шарипов. — Улар шу кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижросида ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Дарахтга келсак, унинг ҳаводаги карбонат ангидридни ютиб, кислород ишлаб чиқариши барчамизга маълум. Лекин дарахтнинг она табиатимиз, саломатлигимиз учун фойдали жиҳати шу билан чегараланиб қолмайди. У ердаги тупроқни мустаҳкам ушлайди. Илдизи сувни фильтрлаб, об-ҳаёт сифатини яхшилайди. Сояси эса жазирама ёзда жоннинг роҳатидир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дарахт ўзидан сув буғи ажратиб чиқаради ва шу тариқа об-ҳаво ҳарорати ўртасида катта фарқ бўлиб кетишига кўз илғамас тўсиқ вазифасини бажаради. Яна бир аҳамиятли томони шундаки, дарахт наботот оламининг ранг-баранглигига ҳисса қўшади. Дейлик, бир дарахт турининг батамом йўқолиб кетиши кўплаб ҳайвон турларининг барҳам топишига сабабчи бўлиши мумкин.

Бу масалага алоҳида тўхталишимиз бежиз эмас. Мана, саксовулни олиб кўринг. Қоровулбозор туманида жойлашган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига борганда саксовулзору юлғунзорларга кўзингиз тушади. Саҳро бағридаги корхона жамоаси томонидан уларнинг ҳар бир тупи асраб-авайланмоқда. Негаки, саҳро экотизимини муҳофаза қилишда ўсимликлар, хусусан, саксовулнинг аҳамияти жуда катта. Табиатнинг мўъжизасини қарангки, у ерга чуқур илдиз отади. Шу йўл орқали сувга бўлган эҳтиёжини қондиради. Қурғоқчиликка бардошли саксовул чўлда тупроқ кўчишига тўсиқ бўлади. Барги эса туя ва қўйлар учун тўйимли озуқа ҳисобланади.

Энди инсоф билан айтинг-чи, шундай фойдали ўсимликка болта кўтарган кишини она табиатнинг душмани демай бўларканми?

Гап шундаки, айрим юртдошларимиз дарахт кесиш, саксовулзорларни пайҳон қилишдан тап тортишмаяпти. Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўн ойида саксовул буталарини ноқонуний кесиш билан боғлиқ 73 та ҳолат аниқланган. Бу ишга қўл урган кимсалар жами 738 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган. Табиатга етказилган зарар эса 383 миллион сўмга баҳоланган. Черкез, қандим, юлғун каби чўл ўсимликларини ноқонуний кесиш ҳоллари ҳам таассуфки, учраб турибди. Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, бу каби ножўя ишларга қўл урганлар қилмиши бирма-бир фош этиляпти. Умуман, вилоятда дарахт ва буталарни ноқонуний кесишга алоқадор 297 та ҳолат аниқланган. Ҳуқуқбузарлар жами 1 миллиард 636 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган.

Ўзлари англаб-англамай наботот олами кушандасига айланган бу кимсалар бир туп дарахт ёки саксовулнинг ўсиб, навқирон ёшга етиши учун йиллар керак бўлишини наҳотки, ҳис этишмайди?!

... Яна Ҳалим Турдиев яратган мўъжаз ўрмонзорга қайтамиз. Бу ердан ўтган кишининг баҳри-дили очилади. 1500 туп арчадан таралаётган тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олади. Шундай яшил гўшани яратганнинг ҳақига дуога қўл очади.

Ҳа, халқимизнинг топиб айтганича бор: яхшидан боғ қолади.

Бинобарин, она табиатнинг чин дўсти бўлмоғимизга нима етсин!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?