Сурхондарёда япон технология университети ташкил этилади

10:51 05 Июль 2024 Жамият
143 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Япониянинг «ARK educational systemʼs» компанияси бош директори ва Сурхондарё вилоятида ташкил этилаётган Япон технология университети лойиҳаси асосчиси Генки Кажиура ҳамда Tanaka Medical Innovation Research Institute (TMI); NEXUS Co.Ltd раҳбари Коичи Танака бошчилигидаги делегация Термиз шаҳрида бўлди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Сурхондарё вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Японияда бўлиб, қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришганди. Жорий йилнинг январь ойида Япония консуллиги ва қатор йўналишда фаолият юритувчи компаниялар вакиллари ҳамда инвесторлардан иборат делегация Сурхон воҳасининг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини ўрганиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларни муҳокама этди.

Мазкур лойиҳаларни биргаликда рўёбга чиқариш учун япониялик ишбилармонлардан иборат делегация вилоят ҳокими билан учрашди.

Қабул чоғида делегация аъзоларининг ўтган учрашувлардаги келишувлари, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишлар кўриб чиқилди. Жумладан, Сурхондарё вилоятида Япон технология университети ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Термиз шаҳридаги «Машҳура» клиникаси билан ҳамкорликда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, шунингдек, VSee лойиҳасини нафақат, вилоятда балки юртимиздаги тиббиёт муассасаларига тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда вилоят раҳбари Япон технология университетини ташкил этиш ва бошқа истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда барча зарурий кўмаклар кўрсатилишини билдирди. Тадбир доирасида икки томонлама келишувлар бўйича меморандум имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?