Сурхондарёда Ўзбек тили байрами кенг нишонланди

Термиз шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган майдонда Ўзбек тили байрами муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Байрам дастури Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими билан бошланди. Унда давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, тилшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, ҳарбийлар фаол иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тилининг бой луғавий хазинаси, сўзлашув жозибаси ва жаҳон тиллари орасидаги ўрни ҳақида фикр юритишди. Шунингдек, “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ва кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар тил ривожида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
— Ўзбек тили бизнинг бой маданий меросимиз ва миллий ўзлигимизнинг асосидир, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Менгнор Олломуродов. — Бу тил орқали халқимизнинг тарихини, одат-анъаналари ва маънавий қадриятларини авлодларга етказамиз. 21 октябрь — Ўзбек тили байрами фақат тил байрами эмас, балки миллий руҳ ва бирдамлик байрами ҳамдир. Бизнинг вазифамиз — ёш авлодда она тилига бўлган муҳаббат ва ҳурматни мустаҳкамлаш, уни жаҳон саҳнасида муносиб ўринда намоён этиш.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир Санъат саройи мажмуасида давом эттирилиб, Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри актёрлари томонидан она тилимизга бағишланган саҳна асарлари намойиш этилди. Шунингдек, таниқли санъаткорлар ва фольклор жамоалари чиқишлари байрамга хос руҳ бағишлади.
Фарҳод ЭСОНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг