Сурхондарёда баҳорги кўчат экишда «долзарб 10 кунлик» бошланди

16:15 09 Февраль 2026 Жамият
239 0

Мамлакатимиз жануби — Сурхон воҳасида баҳор фаслининг эрта кириб келиши кўчат экиш ишларини қисқа муддатда, самарали ва пухта ташкил этишни тақозо этади. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятида «долзарб 10 кунлик» кўчат экиш тадбирларига расман старт берилди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида Термиз шаҳридаги «Гулистон» маҳалласида кўчат экиш тадбири ўтказилди. Унга туманлар студиялари ҳам онлайн тарзда уланиб, вилоят бўйлаб жами 750 минг туп дарахт кўчатини экиш ишлари бир вақтнинг ўзида бошлаб юборилди.

Тадбир давомида вилоят раҳбари масъуллар билан биргаликда кўчат экиш ишларида бевосита иштирок этар экан, баҳорги мавсумда барча ҳудудларда ушбу жараёнларни жадал ва сифатли якунлаш мақсадида «долзарб 10 кунлик» эълон қилинганини таъкидлади. Шунингдек, ҳар бир кўчатнинг манзилли экилиши, унинг доимий парвариши учун аниқ масъулларни белгилаш, кўчатларни ҳисоб учун эмас, балки барқарор ва узоқ умрли дарахтга айлантириш устувор вазифа эканини алоҳида қайд этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Президент топшириқлари ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда «Яшил боғ» барпо этиш ишлари изчил олиб борилмоқда. Хусусан, Ангор туманида М–39 халқаро автомобиль йўли ёқасида 220 гектар майдонда 16 миллион туп кўчатдан иборат «Яшил белбоғ» ташкил этиш лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?