Сурхондарё делегацияси Хитой компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйди

Фото: Халқ сўзи
Хитойнинг Харбин шаҳрида бўлиб турган Сурхондарё вилояти делегацияси ва Хейлунсзян провинцияси расмийлари, чин юртининг 100 дан ортиқ йирик компаниялари вакиллари ўртасида ҳамкорлик истиқболларига бағишлаган бизнес-форум бўлиб ўтди.
Учрашув доирасида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, инвесторларга яратилган шароитлар, Сурхондарё вилоятининг иқтисодий, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги имкониятлар тақдимоти ўтказилди. Ўз навбатида мезбон мамлакат компаниялари вакиллари билан “G2B” ва “B2B” форматида музокаралар натижасида бир қатор келишувларга эришилди.
Хусусан, “Бинси” иқтисодий ва технологик ривожланиш ҳудуди билан ҳамкорлик ҳамда “Harbin Electric International” компанияси билан Қизириқ туманида қуёш электр станциясини барпо этиш бўйича битимлар тузилди. Шунингдек, “Yang Zhonhang Association” Хитой компаниялари уюшмаси билан озиқ-овқат саноати, савдо-сотиқ, технологик ҳамкорлик, фойдали қазилмаларни қайта ишлаш, туризм ва ишлаб чиқариш бўйича ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликка келишиб олинди. Сурхондарё вилоятидаги пахта-тўқимачилик кластерлари Хитойдаги етакчи қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб берувчи компания билан тўғридан-тўғри шартномалар имзолади
Сурхондарё вилояти делегацияси аъзолари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқариш, сотиш, технологик консалтинг фаолияти билан шуғулланувчи “Heilongjiang Beidahuang Agricultural Servis” компаниясида бўлиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишди. Компанияси раҳбари Чин Сзянсао билан ўтказилган музокаралар якунида Сурхондарё вилоятига замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш юзасидан шартномалар имзоланди.
Шунингдек, делегация аъзолари “DONGTAI Technology Development“ компаниясига ҳам ташриф буюриб, корхонанинг ишлаб чиқариш фаолиятини кўздан кечиришди. Компания 2001 йилда ташкил топган бўлиб, ақлли бошқарув ва электрон маҳсулотлар, асбобсозлик, алоқа ускуналари, турли аксессуарлар, техник консалтинг, хизмат кўрсатиш ҳамда кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоқларида фаолият кўрсатади.
Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг