Сунъий интеллект: инсон измидаги мўъжиза

Дилшод Каримов / «Халқ сўзи». Президентимиз 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда мамлакатимизда навқирон авлод ҳаётини ўзгартираётган, уларнинг орзу-мақсадларига қанот бўлаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритаркан, асосий йўналишлардан бири сифатида сунъий интеллектни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга урғу қаратди. Устувор соҳаларда айни йўналишда 100 та лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинаётганини, шунингдек, қадриятларимиз ва маданиятимизни ўзида ифода этадиган сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бошланганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 1 июль куни рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларидаги режалар тақдимоти билан танишуви чоғида соҳада 1 миллион нафар мутахассис тайёрлаш вазифаси белгилангани қайд этилди.
Хўш, юртимизда сунъий интеллектни ривожлантиришга нега бунчалик эътибор кучайди? “Ҳадсиз ақл” дея эътироф қилинаётган ушбу нейрон тармоқ бугун инсониятга қандай имкониятлар туҳфа этмоқда? Ва бунинг чек-чегараси борми?
Мушоҳада
Ким яратган ва қандай ишлайди?
“ChatGPT” — сунъий интеллект тармоғига “Сени ким яратган ва қандай ишлайсан?” деган савол билан мурожаат қилсангиз, “Мени “OpenAI” номли АҚШда жойлашган илмий-тадқиқот компанияси яратган... Менинг асосим — “GPT” (Generative Pre-trained Transformer) деб номланган нейрон тармоқ модели. Мен миллиардлаб матнлардан (китоблар, мақолалар, веб-саҳифалар) “ўқиб”, тилни тушуниш ва матн яратишни ўрганганман. Бу жараёнда менга гаплар тузилиши, маънолар, мантиқий боғланишлар ва услубларни англаш ўргатилган. Сиз менга савол берганингизда, мен жавобни прогноз қилиш орқали яратаман: яъни навбатдаги сўз ёки гап нимадан иборат бўлиши эҳтимоли юқори деб ҳисобласам, ўшани танлайман. Бу жараён реал вақтда амалга ошади, шунга кўра тезкор жавоб бера оламан”, деган аниқ ва лўнда жавобни беради.
Бу мантиқий изчилликка эга фикрлаш тарзидан лол қоласиз. Аслида сунъий ақл дастури учун ўзи ҳақидаги бу савол жуда оддий ва жўн. У кимё, биология, математика, физика, тиббиёт, фармацевтика, тарих, адабиёт, қўйингки, ҳар қандай фанга оид саволга батафсил жавоб қайтаради. У шеър ёзиши, куй басталаши, қўшиқ айтиши мумкин. Сунъий идрок жилд-жилд маълумотларни таҳлилдан ўтказиб, сизга унинг қисқа мазмунини ёки соддалаштирилган шаклини тайёрлаб бера олади. Бу дастурдан кундалик режаларни тузиш, муайян масалаларни ечишда таҳлил ва таққос асосида хулосалар олиш, истиқболни белгилашда фойдаланиш самарали.
Платформа билан жуда оддий, маиший масалаларда ҳам суҳбатлашиш мумкин. Худди инсон билан сўзлашаётгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Айни пайтда хавотирингиз ҳам ошади. Чунки компьютерингиз ёки телефонингиздаги бир дастур сиз билан суҳбатлашиб, баъзи масалаларда теран мулоҳазалари, аниқ фактларга асосланган таҳлиллари, талқинлари билан сизни ўзига жалб этиб, зарур бўлса, ақл ўргатиб, доно маслаҳат бериб турса, унинг имкониятларини чамалаб, кўнглингизни қувонч ҳислари билан бирга ғашлик туйғулари ҳам эгаллайди. Дафъатан, тасаввурингизда америкалик киноижодкорлар суратга олган “Терминатор” фильмидаги юксак ақлли, ҳар қандай синовга бардошли, ўзини ўзи тузатадиган, тажовузкор, шафқатсиз роботлар жонланиб, бир вақтлардаги фантастик хаёлот бугун ҳаётий ҳақиқатга айланмаяптими деган ўй ўтади қалбингиздан.
Дарҳақиқат, XXI асрнинг илк чорагида ахборот технологиялари мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Шубҳасиз, сунъий интеллект — мана шу технологик тараққиётнинг энг юксак чўққиси. Бугун бутун дунёда давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, саноат, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, илм-фан, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, мудофаа, хавфсизлик, туризм ва бошқа соҳаларда сунъий идрок имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
«Big Data» имкониятлари
Сунъий интеллект (Artificial Intelligence) — “AI” яратиш ҳақидаги қарашлар Иккинчи жаҳон уруши давридан бери мавжуд. Аммо сўнгги ўн йилликдагина технология ва муҳандислик соҳасидаги ушбу умидлар жадал рўёбга чиқа бошлади. Бугун шу ҳолга келдики, олим ва мутахассислар ҳар қандай жабҳанинг эртасини сунъий интеллектдан қай даражада фойдаланилиши билан боғламоқда.
Ҳозирги кунда “AI” бўйича тадқиқотлар, бизнес инвестициялари ва уларнинг ҳаётга татбиғи муттасил кенгайиб бормоқда. Бу соҳадаги етакчи мутахассислардан бири Эндрю Ян-Так Нг сунъий интеллектни “Янги электр энергияси” деб атайди, чунки электр энергияси бир аср аввал деярли барча соҳани ўзгартиргани каби “AI” ҳам яқин йилларда ҳамма жабҳани ўзгартириши тайин.
“AI” муваффақияти асоси — маълумотлар, аниқроғи “Big Data”, яъни жуда катта маълумотлардир. “Big Data” атамаси кунига 100 гигабайтдан кўп маълумот тушадиган оқимларга нисбатан қўлланиб келинган. Кейинчалик соҳадаги кескин ривожланиш боис бу тушунча ҳам янада кенг қамров касб эта бошлади. Ушбу атама одатда терабайт, экзабайт ва петабайтлар даражасидаги катта ҳажмдаги маълумотларга нисбатан қўлланилади.
“AI” лойиҳалари ана шундай улкан ҳажмдаги маълумотларни талаб этади. Кейинги йилларда бу миқдордаги маълумотларнинг мавжудлиги ва технологик ютуқлар бир вақтда юзага чиқди. Бугун машиналар улкан маълумотларни таҳлил қилиб, инсон фарқига бормайдиган қонуниятларни аниқлай олади. Интернетдаги изланишларингиз, харидларингиз, одатларингиз ва жойлашувингиз билан реал вақтда боғланади. Сиз чанғи курортларини қидирсангиз, “Facebook”даги саҳифангизда чанғи жиҳозлари бўйича реклама пайдо бўлади. Ҳозирда ўзини ўзи бошқарувчи автомобиллар ҳаётимизга кириб келмоқда.
Мутахассислар сунъий интеллектга тўртинчи саноат инқилобининг асоси сифатида қарамоқда. Бугун “AI” ёрдамида нутқни матнга айлантириш ёки бошқа тилга таржима қилиш учун сониялар кифоя. Тиббиётда турли касалликларни аниқлаш ва уларга даво муолажасини белгилашда сунъий интеллект тизимлари шифокорлар даражасида аниқликка эга.
Бундай дастурлар об-ҳаво прогнози ва астрономик маълумотларни таҳлил қилишда фаол иштирок этмоқда. Мулоқот қила оладиган ўйинчоқлар болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига, хорижий тилларни ўрганишига кўмаклашмоқда. Ҳарбий соҳада дронлар мураккаб шароитларда одамларсиз ҳаракатланяпти.
— Сунъий интеллект тадрижи мунтазам давом этмоқда, — дейди АҚШдаги ватандошимиз, “Амазон” компанияси дастурий таъминот муҳандиси Беҳзод Мамадиев. — Масалан, яқинда “Google” компанияси “Google”нинг “Gemini” деб номланувчи сунъий интеллект ёрдамчисига янги функцияларни қўшди. Энди фойдаланувчилар биргаликда реал вақт режимида ҳужжат ва код устида ишлаши, шунингдек, подкаст шаклида овозли қисқа хулосалар олиши мумкин. Компания, шунингдек, янги дори воситаларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган, матн ва молекуляр тузилишларни таҳлил қилиб, дориларнинг хавфсизлиги ва самарадорлигини баҳоловчи очиқ “AI” моделларидан иборат “TxGemmа” платформасини ҳам тақдим этди.
“NVIDIA” компанияси бош директори Женсен Ҳуанг иккита янги шахсий “AI” суперкомпьютерини оммага намойиш қилди. “Grace-Blackwell” чипларига асосланган ушбу компьютерлар катта “AI” моделларини локал тарзда ишлаб чиқиш ва ишга тушириш имконини беради.
Соҳани молиялаштириш ва саноат ташаббуслари ҳам изчил ўсиб бормоқда. Жумладан, “NVIDIA”, “xAI”, “Microsoft”, “MGX” va “BlackRock” компаниялари биргаликда “AI” инфратузилмасини ривожлантириш учун 100 миллиард долларлик фонд ташкил этди. Бу ташаббус глобал миқёсда сунъий интеллект ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган.
“Microsoft” компанияси Швейцариянинг “Inait” стартапи билан ҳамкорликда инсон мияси принциплари асосида “AI” тизимларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Ушбу рақамли “миялар” молия ва робототехника соҳасидаги амалиётларда қўлланилади ва “Microsoft Azur” платформасида жорий қилинади.
Хуллас, сунъий интеллект тараққиёти муттасил давом этяпти. Келгусида экзотик ҳисоблаш шакллари (масалан, квант компьютерлар ва ДНК асосидаги маълумотни сақлаш) рўёбга чиқиши билан “AI” ривожи ҳам янада жадаллашади.
“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси рўёби
Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам сунъий интеллект технологияларини барча жабҳага кенг жорий этиш, рақамли маълумотлардан фойдаланиш имконияти ва уларнинг юқори сифатини таъминлаш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сунъий интеллектни қўллашнинг асосий йўналишлари ва тамойилларини, шунингдек, яқин ва узоқ истиқболда ушбу соҳани комплекс шакллантириш учун шарт-шароитлар яратишни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 14 октябрдаги қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.
— Стратегияда 2030 йилга қадар юртимизда сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган, — дейди Рақамли технологиялар вазирлиги Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш департаменти бошлиғи Сарварбек Саъдуллаев. — Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “AI” асосида кўрсатилаётган хизматлар улушини 10 фоизга етказиш белгиланган. Сунъий интеллект йўналишида фаолият юритувчи илмий лабораториялар сонини кўпайтириш ҳамда юқори қувватли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш мўлжалланмоқда.
Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида (Government AI Readiness Index) Ўзбекистон Республикасининг биринчи 50 та ўриндаги давлатлар қаторига киришига эришиш мақсад қилинган.
Ҳаётимизнинг турли тармоқларига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилган. Улар банк-молия, солиқ ва божхона, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, энергетика каби устувор соҳаларда рўёбга чиқарилади.
Бугунги кунда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент метрополитенида тўловлар амалиётида хавфсизлик ва қулайликни таъминлаш мақсадида “MyID Palm” — кафт орқали тўлов тизими 49 та бекатдаги турникетларга ўрнатилди. Тизимдан рўйхатдан ўтишни таъминлаш учун 30 та бекатда махсус инфокиосклар жойлаштирилди.
Сунъий интеллект асосида юзни идентификация қилиш тизими — “My ID” банклар, тўлов тизимлари ва маркетплейсларда қўлланилиб, рақамли фирибгарларни қисқартиришда асқатмоқда. “UzFACE” сунъий интеллект асосида юзни идентификациялаш дастурий-аппарат комплекси “Халқлар дўстлиги” саройи, истироҳат боғлари ва “Next” савдо марказида синов-тажриба сифатида ишламоқда.
Солиқ тизимида (“DavrOn”), ҳуқуқий соҳада (“Odil”) ва давлат хизматлари порталида (“Muxlisa”) сунъий интеллект технологиялари асосидаги виртуал ёрдамчилар ишга туширилиб, аҳоли сўровларига жавоб бериш ҳамда 20 га яқин давлат хизматларидан фойдаланиш учун инклюзивлик яратилди.
Шунингдек, кадрлар ва илмий салоҳиятни ошириш йўналишида мамлакатимиз аҳолисининг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ошириш бўйича Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида “Бир миллион промптерлар” платформаси (“aistudy.uz”) ишга туширилди ва мазкур платформа янги турдаги ўқув дастурлари (“META”, “Яндекс” ва бошқалар) билан тўлдириб борилиши режалаштирилган.
Бугун сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, соҳада стандартларни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга урғу қаратилмоқда. Маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш учун техник инфратузилмани янада яхшилаш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида мазкур йўналишдаги устувор лойиҳалар ижроси бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. “AI” технологияларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, кадрлар тайёрлаш ва салоҳиятини ривожлантиришга аҳамият бериляпти.
Ўзбекистонда сунъий интеллектни ҳаётга татбиқ қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, “Охfоrd Insights” халқаро ташкилоти томонидан ҳар йили эълон қилинадиган Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексининг 2024 йилдаги натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси 188 та давлат орасида 70-ўринни (2023 йилдагига нисбатан 17 даража юқорилаш), Марказий Осиё давлатлари орасида эса 1-поғонани эгаллади.
Бу ишларнинг барчаси “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг ҳаётий рўёбига хизмат қилмоқда.
Хавотирлар қанчалик асосли?
Дарҳақиқат, бугунги кунда сунъий интеллект ўз имкониятлари билан ҳаётимизга тобора чуқур кириб келмоқда. Аммо ақлли роботлар кун келиб инсониятга хавф туғдиради деган хавотирлар қанчалик асосли?
Ҳозирги кунда “AI” тизимларидан маълум бир тор соҳаларда жуда самарали фойдаланиляпти. Баъзи мутахассислар алгоритмларнинг қарор қабул қилиш жараёнини инсоннинг фикрлаш миқёси билан таққослаб, юқори баҳо бермоқда. Аммо тадқиқотчи Дэвид Уотсон мазкур ҳолат жуда ошириб кўрсатилаётганини таъкидлайди. Бу эса одамларда “АI” ҳақидаги қўрқувларни кучайтиряпти.
Аслида сунъий интеллект қачонлардир инсон измидан чиқиб кетиб, ўзини ўзи бошқаришга ўтиши ҳақида фаразлар йўқ эмас. Хусусан, “SpaceX”, “Tesla” каби қатор компаниялар эгаси, шунингдек, “ChatGPT”ни ишга туширган “OpenAI” компанияси асосчиларидан бири Илон Маскнинг айтишича, инсоният катта хавф билан юзлашмоқда. Унга кўра келгусида сунъий интеллект шу даражада тараққий этадики, унинг назорати инсон қўлидан чиқиб кетади.
Ҳозирча сунъий интеллект асосида ишловчи машиналар айрим экстремал шароитларда ҳам мустақил ҳаракатлана олади. Бироқ ҳис-туйғу, тафаккур, ижодкорлик, инсон каби ноодатий қарорлар қабул қилиш бу қурилмалар учун ҳали ёт.
Яна бир муҳим нуқта: ҳеч бир машинанинг ўзини қайта дастурлаш қобилияти йўқ. У ўз вазифасидан ташқари ишни бажара олмайди. Роботнинг ўз-ўзини идора қилиши учун у ўзини англаш, ўзини сақлаш инстинктига ва шуни амалга оширадиган дастурий ҳамда жисмоний воситаларга эга бўлиши керак. Лекин бу ҳозирги ҳолатда мумкин эмас.
Қўрқувлар шундан келиб чиқадики, турли “АI” агентлари бир-бири билан боғланиши ва тармоқ орқали ҳамкорлик қилиши мумкин. Бундай ҳолда сунъий интеллект тизимлари жамоавий манфаатни кўзлаб, инсон назоратисиз қарор қабул қилиши эҳтимоли пайдо бўлади.
Ҳозирда АҚШ армияси “АI” технологияларидан жанг майдонида таҳдидларни аниқлаш учун фойдаланмоқда. Агар бу тизимлар автоматик мудофаа тизимлари билан бирлаштирилса ва инсон аралашувисиз ишласа, суд қилиш, ҳукм ўқиш, жазони белгилаш ва ижро этиш каби вазифаларни ҳам бажара бошласа — “АI” воқелиги ҳақиқий хавфга айланиши мумкин.
Шукрки, ҳозирча фақат инсон — табиий ва умумлаштирилган интеллект эгаси. “АI” тизими кўп минг одам ичида битта юзни таниб олиши мумкин, лекин қуш билан мушукни фарқлай олмайди. Инсон эса бунга қодир.
“АI” тизимлари аслида математик алгоритмларга асосланади. Улар англаш қобилиятига эмас, фақат ҳисоблаш имкониятига эга. Ўзини англайдиган, бошқа вазифаларга мослашадиган машина ҳозирча йўқ. Ва шу нуқтада инсоннинг устунлиги намоён бўлади: инсон қонун ва этикага мос равишда қарор қабул қила олади.
Асосий хавф — ижтимоий оқибатлар
Ҳозирги кунда сунъий интеллектнинг асосий хавфи — инсон ҳаётига бевосита хавф туғдириш эмас, балки ижтимоий ўзгаришларга таъсири. Бу, аввало, баъзи касб ва ҳунар эгаларининг ишсиз қолиши, шахсий ҳаёт дахлсизлигининг бузилиши, ахлоқий меъёрларнинг инкор этилиши ва инсонларнинг қарор қабул қилишда автоматик платформаларга ҳаддан ташқари ишонишида намоён бўлади.
Бугун ақлли роботлар кўплаб соҳаларда инсон меҳнатига рақобат туғдирмоқда. Бу эса турли корхоналарда, таълим, тиббиёт, журналистика, хизмат кўрсатиш соҳаларида ишсизлик кўпайишига замин яратмоқда.
Жумладан, ривожланган давлатларда ўзи йўқ, аммо овози бор “қўшиқчилар” кўплаб мухлислар орттириб, ўз концерт дастурларини ҳам уюштирмоқда. Жаҳонга машҳур телеканаллар, ахборот агентликларида янгиликларни ўқиб эшиттирувчи виртуал бошловчилар фаолият олиб боряпти. Сунъий интеллект чизган расмлар ва яратган турли иллюстрациялар турли кўргазмаларда юқори баҳоланиб, катта маблағларга сотиляпти.
Сунъий идрок ҳар бир соҳага кириб келар экан, шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш масаласи тобора долзарблашиб бормоқда. Чунки ушбу технология ҳар қандай инсоннинг овозини, қиёфасини бир зумда жонлисидан фарқлаш жуда қийин бўлган даражада тайёрлаб бериши мумкин. Бу — “ақлли” робот дунёнинг исталган ҳудудидан онангиз ёки бошқа бирор яқин инсонингиз бўлиб сизга телефон қўнғироғи қилиши ёхуд ижтимоий тармоқлар орқали ёқимли суҳбатдошингизга айланиши мумкин дегани. Шунингдек, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда айнан сиз бўлиб оммага намоён бўлиши ёки овозингизни ўхшатиб муайян мавзуларда баёнот бериши мумкин. Мазкур ҳолатлар эса турли фирибгарлик ва кибержиноятларга ҳам йўл очмоқда. Шу боис қатор ривожланган давлатларда “АI” тизимларини жорий қилиш чегараси ҳақида қонунларни ҳаётга татбиқ этиш масаласи кўриб чиқиляпти.
Ҳақиқатан ҳам, сунъий интеллект шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва электрон ҳужжатлар айланишида махфийликни таъминлаш муаммоларини янада чуқурлаштириши мумкин. Шу боис бутунжаҳон миқёсида эркинлик ва хавфсизликка дахл қилмайдиган ўрта йўл топилиши керак. Кўплаб йирик корпорациялар ўз-ўзини тартибга солишни таклиф этмоқда. Давосдаги саммитда “IBM” вакили Кристофер Падилла давлат ва хусусий сектор ҳамкорликда “оқилона” қоидалар ишлаб чиқиши кераклигини билдирди. Яқинда “IBM” ва “Microsoft” компаниялари БМТ билан биргаликда сунъий интеллектни ахлоқий асосда ривожлантириш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда қўллашдаги этика қоидалари ва тамойиллари Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2026 йилда ишлаб чиқилиши белгиланган.
Шубҳасиз, келгусида “AI” тизимларининг очиқлиги, ҳисобдорлиги ва адолатли ишлаши устидан назорат механизмлари йўлга қўйилиши лозим.
Сунъий интеллект бугун барча соҳада катта имкониятлар эшигини очмоқда. У тўғри қўлланилса, инсон ҳаётини яхшилайди. Лекин тўғри бошқарилмаса, у атом энергияси каби хавфли қуролга айланиши мумкин. Технология инсоннинг ўрнини эгаллаши эмас, унинг ишларини енгиллаштириши керак. Демак, сунъий интеллектдан фойдаланишда ахборот технологияларига оид чуқур билим билан бирга, юксак ижтимоий масъулият ва умуминсоний ахлоқ асосий мезон бўлиши шарт.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг