Сунъий интеллект: давлат бошқаруви ва олий таълим соҳаларида янги босқич сари қадам
Куни кеча Президентимиз раислигида бўлиб ўтган давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши мамлакатимизда бу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганининг яна бир тасдиғи бўлди.
Сунъий интеллект технологиялари — XXI асрда жаҳон иқтисодиёти ва жамият ҳаётини тубдан ўзгартирган асосий омиллардан биридир. Бу технология инсониятнинг билим, таҳлил ва қарор қабул қилиш қобилиятини рақамли муҳитга кўчириш имконини яратди. Сунъий интеллект эндиликда нафақат техника ва дастурлаш соҳасида, балки давлат бошқаруви, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва таълим тизимида ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.
Ўзбекистонда ҳам бу соҳа устувор йўналишлардан бири бўлиб, Президентимизнинг 2024 йил 14 октябрда қабул қилинган “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатда рақамли ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган стратегияда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш ва устувор лойиҳаларни амалга ошириш, соҳада стандартларни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни қайта ишлаш учун техник инфратузилмани шакллантириш, аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган вазифалар ҳамда сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилди.
Айни пайтда Рақамлаштириш вазирлигида бу соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказ ташкил этилган бўлиб, ўтган бир йил давомида амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимиз сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилади ва Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда сунъий интеллект технологиялари иқтисодиётдан тортиб, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бормоқда. Хусусан, сунъий интеллект давлат бошқарувида қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш, маълумотларни таҳлил қилиш ва фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишда муҳим воситага айланмоқда. Мамлакатда “Электрон ҳукумат” тизими босқичма-босқич такомиллашиб, ҳозирда “ақлли ҳукумат” (Smart Government) концепцияси сари қадам қўйилмоқда. Масалан, my.gov.uz интерфаол давлат хизматлари ягона портали каби платформалар орқали фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларга давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлиги кескин ошмоқда. Бинобарин, давлат бошқарувида сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш қарорлар қабул қилишда тезкорлик ва аниқликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашда шаффофликни ошириш, аҳоли эҳтиёжларига мос хизмат кўрсатиш имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда. Буни имкониятга айлантириш ва дунёда сунъий интеллектга талаб ортиб бораётган ҳозирги даврда рақобатбардош бўлиш учун 3 та энг асосий масала — инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарур.
Хусусан, олий таълим тизимига сунъий интеллектни жорий этиш билим бериш жараёнини индивидуаллаштириб, унинг самарадорлигини оширади, янги моделлар, маълумотлар таҳлили, робототехника ва ахборот хавфсизлиги бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш орқали таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси мустаҳкамланади. Бундан ташқари, сунъий интеллект талабаларнинг индивидуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга, автоматлаштирилган баҳолаш тизимларини жорий этишга, масофавий таълим имкониятларини кенгайтиришга, илмий салоҳиятни кучайтиришга хизмат қилади.
Шундан келиб чиқиб, ведиоселектор йиғилишида олийгоҳларда сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш чоралари ҳам белгилаб олинди. “Янги Ўзбекистон” университетида “тармоқ – олийгоҳ – ҳамкор” тамойилида ишлайдиган “сунъий интеллект кластери” ишга туширилади. Олийгоҳларда сунъий интеллект, фин-тех, кибер-хавфсизлик, IT-муҳандислик, аэрокосмик ва булутли технологиялар каби йўналишлар учун давлат гранти квоталари 35 фоизга оширилади. Талабаларнинг сунъий интеллектга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудда олийгоҳлар жамоалари ўртасида умуммиллий танлов ўтказилади. Мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган “Сунъий интеллект соҳасидаги энг яхши стартап” танлови ўтказилади.
Сунъий интеллект технологияларини давлат бошқаруви ва таълим соҳаларига жорий этиш — Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегиясида устувор йўналиш ҳисобланади. Бу технология фақат техник восита эмас, балки инсон капиталига сармоя, янги фикрлаш маданияти ва рақобатбардош келажак сари қадамдир. Зеро, келгусида сунъий интеллект инсон тафаккурини тўлдирувчи, муҳим қарорлар қабул қилишда ёрдам берувчи ва миллий тараққиётни тезлаштирувчи асосий воситага айланиши шубҳасиз.
Нозима ЎКТАМОВА,
Тошкент давлат юридик университети
Давлат бошқаруви кафедраси катта ўқитувчиси, PhD.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг