Суд мустақиллиги — адолатли жамият таянчи

13:25 30 Декабрь 2025 Жамият
340 0

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, судьяларнинг холис ва адолатли фаолият юритиши ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 ноябрь куни имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз суд-ҳуқуқ ислоҳотларида мутлақо янги босқични бошлаб берган, десак муболаға бўлмайди.

Мазкур Фармон, аввало, судьялар ҳамжамияти органларининг ролини кучайтириш, уларни ҳақиқий ўзини ўзи бошқарувчи институтга айлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Илгари суд тизимида кадрлар масаласи, баҳолаш ва жавобгарлик механизмларида муайян даражада марказлашув устун бўлган бўлса, эндиликда судьялар ҳамжамиятининг ўзи бу жараёнларда ҳал қилувчи ўрин тутади. Бу эса суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фармонда судьянинг алмаштирилмаслиги тамойилини қонун даражасида мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар алоҳида эътиборга лойиқ. Судьяларни аввал беш йил муддатга, кейин эса муддатсиз тайинлаш тартибининг жорий этилиши судьянинг келажакка ишончини оширади, унинг ташқи таъсирлардан холи ҳолда фаолият юритишига мустаҳкам замин яратади. Бу, ўз навбатида, адолатли суд қарорларининг қабул қилинишига хизмат қилади.

Шунингдек, туман ва шаҳар судлари раислари ҳамда уларнинг ўринбосарларини очиқ танлов асосида, аниқ мезонлар бўйича судьялар орасидан танлаш тизимининг жорий этилиши очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим қадамдир. Бу амалиёт раҳбарлик лавозимларига муносиб, ташаббускор ва касбий етук кадрларнинг етишиб чиқишига имкон беради.

Фармонда судьяларнинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” каби мезонларни аниқ белгилаш назарда тутилгани ҳам судьялик касбининг маънавий асосларини янада мустаҳкамлайди. Зеро, судья фақат қонунни билиши билангина эмас, балки юксак ахлоқий фазилатлари билан ҳам жамиятга ўрнак бўлиши лозим.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати — судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқлик даражасини оширишдир. Судьялик лавозимларига бўш ўринлар, танлов жараёнлари ва уларнинг барча босқичлари ҳақидаги маълумотларнинг расмий веб-сайтда очиқ эълон қилиб борилиши фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Зеро, очиқлик ишончнинг энг муҳим кафолатидир.

Рақамли технологияларни жорий этиш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, судьяликка номзодларни баҳолаш жараёнларини рақамлаштириш эса суд бошқарувини замонавий босқичга олиб чиқади. Бу орқали инсон омили билан боғлиқ субъектив ёндашувлар камайиб, холис ва адолатли қарорлар қабул қилиниши таъминланади.

Фармонда суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш масалалари ҳам чуқур қамраб олинган. Адолатсиз қарорлар учун жавобгарлик масаласини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик белгилаш таклифлари суд ҳокимияти дахлсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим чоралардир.

Шу билан бирга, судья мустақиллиги ва жавобгарлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган интизомий жазо тизимининг такомиллаштирилиши ҳам айни муддаодир. Судьянинг ҳимоя ҳуқуқи кафолатланиши, интизомий жазо чораларининг аниқ ва шаффоф мезонлар асосида қўлланилиши адолат тамойилига тўлиқ мос келади.

Фармонда гендер тенглик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Суд тизимида аёл судьялар улушини ошириш, хотин-қизлар учун махсус квоталар жорий этиш, аёл судьялар ассоциациясини ташкил этиш ташаббуслари суд ҳокимиятида тенглик ва инклюзивликни таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон судьялар ҳамжамияти органларини ҳақиқий мустақил, очиқ ва самарали институтга айлантиришга қаратилган комплекс ислоҳотлар дастуридир. У судьянинг мақомини, масъулиятини ва жамият олдидаги нуфузини янада оширади. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, “Адолат — давлат пойдевори” деган тамойилни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади.

Соҳиб РАҲИМОВ, Сурхондарё вилоят суди судьяси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер