Суд «Maxam-Chirchiq» АЖ фаолиятини вақтинча тўхтатди

21:40 26 Ноябрь 2025 Жамият
425 0

Минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи «Maxam-Chirchiq» АЖ фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ижросини таъминланиши юзасидан «Maxam-Chirchiq» АЖ фаолиятида текшириш ўтказилган. Натижада 11 та ҳолатда камчилик аниқланган.

Жумладан:

• чанг-газ тозалаш ускунасининг самарадорлиги меъёрий ҳужжат талабига жавоб бермаслиги;

• ифлослантирувчи моддалар белгиланган меъёрдан ортиқ чиқарилаётгани;

• кимёвий моддалар белгиланган ҳудудда жойлаштирилмагани;

• сув таркибидаги кимёвий моддаларнинг ортиқча чиқарилаётгани;

• компенсация тўловлари ўз вақтида тўлиқ амалга оширилмагани натижасида амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилинмагани аниқланган.

Шу сабабли Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги судга ариза билан мурожаат қилган ва «Maxam-Chirchiq» АЖнинг фаолиятини камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатишни сўраган.

Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг кеча, 26 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан «Maxam-Chirchiq» АЖнинг фаолияти аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер