Суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотларга қўшимча мажбуриятлар юклатилмоқда

10:23 18 Май 2024 Сиёсат
80 0

Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида “Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусий мулк дахлсизлиги ва мол-мулкнинг ҳақиқий бозор баҳосини шакллантириш ва уни ишончлилигини таъминлаш юзасидан қатор тизимли чоралар кўрилмоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, бугунги кунда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш фаолиятига оид айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотлар учун умумий баҳолаш қоидалари ва тартиблари белгиланмаган.

Натижада соҳани такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келган.

Жумладан, «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартиришга мувофиқ баҳоловчи, назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларда ва бошқа тадбирларда фақат баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосида эксперт сифатида ҳам иштирок этиши мумкин.

«Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган қўшимчаларга асосан камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасини ўтказиши мумкин бўлади.

Суд экспертининг текширишларни ўтказишда унинг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек, тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш бўйича мажбурияти назарда тутилмоқда.

Киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартириш баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текшириш чоғида муаммоларни бартараф этишга, фуқароларнинг ортиқча харажатларини камайтиришга, шунингдек, республикамизда мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлашга доир ягона ёндашувни жорий этишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?