Сўзсиз жарангли танқид

14:58 09 Январь 2026 Жамият
378 0

Бешариқлик рассом Маҳмуджон Эшонқулов тасвирий санъат мухлислари учун яхши таниш. Унинг карикатуралари нафақат вилоятда, балки мамлакатимизнинг энг нуфузли газеталар ва журналлар саҳифаларини безаб келади, шу билан бирга халқаро аренада ҳам эътироф топган. Туман марказида ташкил этилган карикатуралар кўргазмаси эса айнан шундай жонли ижод майдонига айланмоқда. Бу ерда нафақат маҳаллий мухлислар, балки туристлар ҳам асарларни яқиндан кўриш ва рассом билан бевосита суҳбатлашиш имконига эга.

Карикатура – оддий кулги эмас, балки ҳаётнинг чуқур ва кўп қиррали воқеликларини юмор, ифода ва шакл орқали очиб берадиган санъат шаклидир. Маҳмуджон Эшонқуловнинг ижодида ҳам бу хусусият алоҳида намоён. Унинг асарларида ўзбек характери, маҳаллий турмушнинг нозик деталлари ва маънавий жиҳатлари акс этган. Таниқли рассом Маҳмуджон Эшонқулов жаҳон миқёсида “Карикатуранинг 10 буюк устаси” қаторига киритилган. Унинг асарлари Италия, Туркия, Болгария, Сербия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Бразилия каби давлатлардаги юмор ва карикатура музейларида ноёб дурдоналар сифатида сақланмоқда. У Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда Жаҳон карикатурачи рассомлар иттифоқи аъзоси ҳамдир. Ҳозирга қадар унинг асарлари мингдан ортиқ хорижий китоб ва альбомларда, шунингдек, Жаҳон карикатура энциклопедиясида муносиб ўрин эгаллаган.

— Ўтган йил мен учун ниҳоятда сермаҳсул бўлди, — дейди таниқли рассом. — Хусусан, асарларим Норвегия, Косово, Япония, Хитой ва Кубада ўтказилган халқаро кўргазмаларда юқори баҳоланиб, ғолиблик медаллари билан тақдирланди. Кўпинча ҳаётдан, одамлар муносабатларидан илҳом оламан. Кейин бу илҳомни содда ва тушунарли образлар орқали етказишга ҳаракат қиламан. Бундан ўзим ҳам ғойибона куч оламан.

Жорий йилда ҳам бир қатор нуфузли халқаро фестивал ва кўргазмаларда иштирок этиш учун таклифномалар келиб тушган. Айтиш жоизки, Маҳмуджон Эшонқулов шу кунга қадар икки мингдан ортиқ халқаро фестивал ва кўргазмаларда қатнашган, Европанинг бир қатор давлатларида эса унинг шахсий кўргазмалари ташкил этилган.

Ботир МАДИЁРОВ
Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер